Қозоғистонлик қиз машҳур корейс дорамаларида суратга тушмоқда

Қозоғистонлик қиз машҳур корейс дорамаларида суратга тушмоқда

Қозоғистонлик қиз машҳур корейс дорамаларида суратга тушмоқда. Гулдана Айзова Сеулга шифокорлик касбини эгаллаш учун келган. Қиз тасодифан кастингда қатнашди. Лекин унга эътибор беришди, сўнг сериалдан роль таклиф қилишди. Гулдананинг фикрича, корейс тилида эркин гапириши ҳам уни танлашларига сабаб бўлган.

Гулдана Айзова, талаба:

- Мен суратга тушган дорамалар ичида «Пентхаус» энг яхши кўрган сериалларимдан бири. У Кореядан ташқарида ҳам жуда машҳур. Қозоғистонда ҳам яхши билишади. Шу тариқа, мени кўчаларда ҳам таний бошлашди. Яна «Винченцо», «Итхэвон класс», тарихий ва бошқа фильмларда ҳам иштирок этдим.

Кореяда машҳур актриса бўлиш осон эмас. Гулдананинг айтишича, кўп нарса инсоннинг ўзига, ўз устида қанчалик ишлашига боғлиқ. Шу билан бирга, етарлича катта хизмат ҳақи олишса ҳам, корейс актёрлари жуда очиқкўнгил, яхшилик қилишга мойил, дея таъкидлайди юртдошимиз.

Гулдана Айзова, талаба:

- Корейс актёрларининг кўпчилиги ўз ишининг профессионаллари. Улар жуда узун матнларни ҳам бехато айтиб беради, турли туйғуларни айнан кўрсатиб бера олади.

Гулдана 5 йилдан буён Кореяда. Бу давр мобайнида қиз ўзи яшаётган мамлакат тилини мукаммал эгаллади. Тонгги мусаффолик мамлакати маданиятини ўрганди. У келажак режаларини ҳам айтиб ўтди.

Гулдана Айзова, талаба:

- Келажакда ўз ихтисослигим – клиник патология бўйича ишлаш ниятидаман. Дорамаларда қатнашиш, актёрлик - хобби, холос. Кореяда амалиёт ўтамоқчиман. Бу соҳани мукаммал ўрганиб олганимдан сўнг билимларимни ватанимда, Қозоғистонда қўллайман.

Сўнгги 5 йил давомида Қозоғистон ёшлари турли соҳаларда юқори кўрсаткичларга эришди. Геннадий Головкин, Димаш Қудайберген, Скриптонит, Нурлан Сабуров каби жаҳонга машҳур қозоғистонликлар қаторига яқинда Грэмми соҳиби бўлган Иманбек қўшилди. Ким билсин, балки Гулдана ҳақида ҳам жаҳон матбуоти яқин келажакда «Энг яхши актриса» ёки «Энг яхши врач» деб ёза бошлар.

Абдумалик Сарманов таржимаси