Қозоғистонда яна касал юқтирганлар сони ошгани қайд қилинган. Ўтган кеча-кундузда мамлакатда 1 686 та янги касалланиш ҳолати аниқланган. Ўсиш кўрсаткичи бўйича антиетакчилик ҳамон Нур-Султон шаҳрида. Бу ерда тиббиётчилар 507 та беморни рўйхатга олган. Қарағанди вилоятида яна 278 та ҳолат аниқланган. Учликни 215 одам хасталанган Алмати якунлаб беради. Пандемия бошланганидан бери COVID-19 беморлари сони 420 мингга етган.
Айни пайтда, республиканинг учта минтақаси «сариқ» зонага кирган. Шу тариқа, бугунги кунда Чимкент, Қўстанай ва Манғистау вилоятларидан ташқари Ақмўла, Ақтўбе ва Қизил Ўрда вилоятлари ҳам сариқ зонада. Ўтган дам олиш кунларида «қизил» зона ҳудуди ҳам кўпайган. Айни пайтга қадар энг ноқулай эпидемиологик вазият, Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга қараганда, Нур-Султон, Алмати, шунингдек, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Қарағанди вилоятларида кузатилмоқда. Қолган барча минтақа хавфсиз «яшил» зонада.
Абдумалик Сарманов таржимаси