Қозоғистонда чеклов чоралари кучайтирилади

Қозоғистонда чеклов чоралари кучайтирилади

Қозоғистонда КОВИД-19 билан боғлиқ чеклов чоралари кучайтирилади. Мамлакатда жамоат жойларига фақат «яшил» мақомга эга шахсларни киритиш масаласи кўриляпти. Ҳукумат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Шўранов таъкидлашича, Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцинация суръатлари пасаймоқда. Шу кунларда тўла курсдан ўтган ватандошлар улуши атиги 66,6 фоиз. Мутахассислар фикрича, жамоавий иммунитет шакллантириш учун бу камлик қилади.

Марат Шўранов, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

– Ҳозир иш кунлари пилот тартибида оммавий тадбирларга фақат яшил мақомга эга шахсларни киритиш тартиби синаб кўриляпти. Биринчи навбатда бошқа одамлар саломатлигини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетяпти. Буни таъминлашимиз керак. Одамлар вакцина олган тақдирда ҳам, эмланмаган болалар, кексалар бор. Биз таклиф этаётган қоидаларга кўра, ҳар бир шахс вакцина олиши ёки соғлигига тўғри келмаса, шифохонага бориб, мақомини яшилга ўзгартириши зарур.

Умуман олганда, мамлакатда сўнгги даврда коронавирус юқтириш ҳолатлари салкам уч марта, ўлим ҳоллари 4 марта камайди. Мутахассислар таъкидлашича, бўшашишга ҳали эрта. Назорат чоралари кучайтирилиши зарур.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- Қўшни давлатлардаги вазиятни ҳисобга олиш лозим. Барча минтақаларда чеклов чораларига риоя этишни таъминлаш керак. Мониторинг гуруҳлари кучайтирилган тартибда ишласин. Ҳокимликлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармонлар ва зарур воситалар етарли бўлишини текшириб турсин ва тўла таъминланишига эришсин.

Таъкидлаш жоизки, жаҳон рейтингида Қозоғистон икки юз йигирма икки давлат ичида коронавирус юқтириш бўйича 105- ва ўлим ҳолатлари бўйича 102-ўринда.

Абдумалик Сарманов таржимаси