Қозоғистонда яна COVID-19 тарқалишида ўсиш кузатилди

Қозоғистонда яна COVID-19 тарқалишида ўсиш кузатилди

Коронавирус яна қайтмоқда. Охирги ҳафтада Қозоғистонда хасталаниш кўрсаткичи 4 фоизга ошган. Бунда ўтган ҳафтада пойтахтда COVID-19 юқтириш 40 фоизга кўпайган. Ҳукумат мажлисида тегишли муассаса раҳбари Алексей Цой шундай маълумот берди.

Вазир кўрсатишича, тадқиқотларга кўра вирус жадал суръатда мутацияланишда давом этмоқда. Мутахассислар яқинда Нур-Султонда беморларнинг ПЗР-тест натижаларини ўрганиш чоғида катта эҳтимол билан вируснинг «ҳинд штамми» деб ном олган янги дельта-штамми тарқалганини аниқлашди.

Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

- Коронавируснинг «дельта штамм»и ўта яшовчан, аниқланган штаммларга қараганда 60 фоизга юқумлироқ, инкубацион даври нисбатан қисқа - етти кундан иборат. Яқинда ўтказилган тадқиқотлар кўрсатдики, коронавируснинг «ҳинд штамм»ида шифохонага ётқизиш ва ўлим ҳолатлари кўпроқ бўлиш эҳтимоли юқори. Бунда бўғимлар ва қоринда кучли оғриқ, ичакда ўзгаришлар, эшитиш йўқолиши каби янги клиник симптомлар пайдо бўлди. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, SARS-CoV-2 «дельта штамм»и дунёнинг 74 мамлакатида аниқланган.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Асқар Мамин таъкидлашича, шунга қарамай, Қозоғистонда вазият барқарор, қўшни давлатларда эса аҳвол ёмонлашишда давом этмоқда. Бош вазир давлат чегарасида назоратни кучайтиришни, шунингдек, санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор қаратишни топширди. Шу билан бирга, мутахассислар республика аҳолисини вакцинацияга бефарқ бўлмасликка чақиради. Бундан ташқари, масофа сақлаш ва ниқоб тартибига амал қилишни унутмаслик лозим.

Абдумалик Сарманов таржимаси