Қозоғистонда янги кўпфункцияли туристик мажмуа бунёд этилади. У мамлакатнинг марказий ва ғарбий қисмларини боғловчи автомагистрал ёнида, Қўстанай вилоятининг Амангелди қишлоғи яқинида қурилади. Ҳозирнинг ўзида бу ҳудудда иш бошланиб кетган. Етти гектар майдонда 12 та объект қад ростлайди.Уларнинг ҳар бири жаҳоннинг етти мўъжизаси ва энг машҳур тарихий жойларнинг нусхаси.
Сапар Исқақов, «Аждодлар изидан» илмий экспедицияси раҳбари:
- Марказда Ҳиндистондаги Тож Маҳал нусхаси қурилади. Лекин биздагиси асл нусхадан уч марта кичик. Ҳиндистонда баландлиги 75 метр, бизда 25 метрни ташкил қилади. Испания, Бразилия, Европа ва Осиёдаги иншоотлар нусхаси қурилади. Сак ҳаммоми ишлайди. Хорижлик туристларни жалб этишни истаймиз. Чунки сак ҳаммомини фақат Қозоғистонда кўриш мумкин. Унинг ёнига ўтов тикилади.
Миср пирамидалари, қадимий Майя цивилизацияси услубидаги мемориал, лола шаклидаги музей, кўп сонли фонтан ва бассейнлар – ноёб мажмуага ташриф буюрганлар буларнинг ҳаммасидан баҳраманд бўла олади. Унинг ҳудудида Япония, Англия ва ватанимиздаги каби ажойиб боғлар барпо этилади. Мамлакатимиз афсонавий ва тарихий шахслари тўғрисида маълумот сақланадиган мемориал девор ҳам ўзига хос шаклда қурилади. Бу объект яратилиши мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга туртки беради, дейди экспертлар. Шунингдек, минтақа ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига таъсир кўрсатади.
Султанбек Ташкенбай, тадбиркор:
- Менимча, мазкур мажмуа ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини уйғотади. Чунки унда мамлакатимиз ва бутун дунё солномаси тўпланади, 200 та афсонавий шахс ҳақида маълумот берилади. Ахборот мактаб дастурига киритилади, у орқали болалар аждодларимиз қандай яшаганини билиб олади. Булар тарбиявий аҳамиятга эга.
Мажмуа ҳудудида меҳмонхона ва ресторанлар бунёд этилади. Лойиҳа туристларни тарихий ўлкага жалб этишга мўлжалланган. Унинг ёрдами билан Қозоғистонда жойлашган қадимий геоглифлар бутун жаҳонга намойиш этилади. Экспертлар фикрича, улар аждодларимизнинг ривожланган цивилизацияси намунаси ҳисобланади. Лойиҳа 2023 йилда ишга туширилади.