Апрель ойида Қозоғистонга 1 миллион 400 минг қўшимча зардоб дозаси олиб келинади. Ой охиригача 2 миллион нафар ватандошимиз хавфли касалликка қарши эмланиши учун вакцина етарли бўлади. Ҳукумат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой шундай баёнот берди. У берган маълумотга кўра, 600 минг вакцина мамлакат минтақаларига юборилган. Жами 916 та эмлаш пунктлари ишлаб турибди.
Таъкидлаш жоизки, олис қишлоқларда яшовчи ва аҳоли тўпланадиган жойларда ишловчи одамларни эмлашга алоҳида эътибор бериляпти. Бунинг учун республикада 233 махсус гуруҳ ташкил қилинган. Вакциналаш жараёни имкон қадар жадал ва сифатли ўтиши учун 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилди. Эслатамиз, сентябргача 10 миллион одам коронавирусдан эмланиши зарур.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Бизнинг вазифамиз – санитар-эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва вакцина олганлар сонини кўпайтириш. Эмлаш графигига қатъий риоя этиш лозим. Режага кўра, апрель ойида 2 миллион одамга вакцина киритишимиз лозим. Май ва июнда яна 2 миллион нафардан одам эмланади. Шунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳокимликларга жамоат жойлари, шу жумладан, савдо марказларидан фойдаланган ҳолда вакцинациялаш имкониятларини яратишни топшираман. Жамият фақат санитария меъёрларига риоя этиш ва вакцинация туфайли пандемия тарқалишини тўхтатиш ҳамда иқтисодиёт ўсишини таъминлаш мумкинлигини билиши шарт.
Абдумалик Сарманов таржимаси