Қозоғистонда тошқин қарши чора-тадбирлар ўтказилаётган ҳудудларда онлайн-трансляция йўлга қўйилади. Ҳар бир фуқаро gov.kz давлат органлари сайтига кириши ва айни вақтда тошқинга қарши тайёргарлик ишлари боришини ҳам, жойлардаги вазиятни ҳам кузатиши мумкин. Видеокузатув тизими Атирау, Уральск ва Қўстанайда уланади. У тўғонлар, кўтармалар қурилишини ёзиб олиш ва муаммоларга жадал жавоб бериш учун керак, дея таъкидлайди Рақамли тараққиёт вазирлиги вакиллари. Ҳозир Атирау шаҳри ва вилоятида 22, Уральск ва Қўстанайдаги 6 камера трансляция олиб бораяпти. Заруратга кўра улар сони орттирилиши мумкин. Минтақаларда Геодезиячилар штаблари ташкил қилинган.
Альбина Атен, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги расмий вакили:
- Тажрибали геодезиячилар Ғарбий Қозоғистон ва Атирау вилоятидаги 8 та гидропостда геодезик вазиятни кузатиб боряпти ва Павлодар вилоятидаги Иртиш ўзанидаги 6 та гидропост ишини мувофиқлаштиряпти. Бундан ташқари, автомобиль йўллари, Ёйиқ дарёси тўғонларида, тошқин олдини олиш учун дарё соҳилида қурилган тўсиқлар ва турли иншоотлардаги сув сатҳи ҳисобга олиняпти. Натижада хавфли нуқталар ва ҳимоялаш лозим бўлган участкалар аниқланади ҳамда соҳиллар қўшимча кўтармалар барпо этиб, мустаҳкамланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.