Қозоғистонда саноат дронлари чиқарилади

Қозоғистонда саноат дронлари чиқарилади

Қозоғистонда саноат дронлари ишлаб чиқарилади. Хитой компанияси мамлакатда учувчисиз ускуналар тайёрловчи корхона ташкил этмоқчи. Астанада янги саноат объекти тақдимоти ўтказилди. Тахминан 12 миллион долларга тенг лойиҳага кўра, жорий йилда завод қурилиши бошланади. Келаси йилдан бошлаб ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли фаолият юрита бошлайди. Ажратилган 50 минг квадрат метр ҳудудда дронлар йиғилади, шунингдек, бирга аккумулятор цехи, учувчи аппаратлар сақланадиган ва синаладиган майдончалар, инновациявий технологияларни илмий тадқиқ этиш маркази жойлаштирилади. Таъкидлаш лозимки, Осмон ости мамлакати компанияси жами юқори технологияларга асосланган дронларнинг 50 дан зиёд турини чиқаради. Улар турли соҳаларда ишлатилади. Дронлар, шунингдек, ички бозорга чиқарилади ва Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинади

Алибий Дәулет, «Kazakh Invest» ҲЖ лойиҳа менежери:

- Мамлакатимиз учун дрон ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш муҳим стратегик вазифалардан бири. Чунки улар қишлоқ хўжалигида, экология соҳасида, фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолатларда ишлатилади. Масалан, ўрмон ёнғинларини ўчириш, ҳаво ва сув тозалигини, сувнинг сатҳини кузатиш учун керак. Фавқулодда вазиятлар юз берганида хавфли ҳудудларни аниқлаш, эвакуация ишларини ташкил этиш, зарур воситаларни етказиб бериш учун ҳам зарур.

Чу Чи, Қозоғистондаги дрон ишлаб чиқарувчи компания бош директори:

– Компания 2015 йилдан буён учувчисиз ускуналар чиқаради. Улар Хитойнинг Синьцзян провинциясида кенг тарқалган. Ушбу қишлоқ хўжалик ҳудудининг иқлими Қозоғистон иқлимига мос келади. Шунинг учун улардан зироатчиликни ривожлантириш учун фойдаланиш мумкин. Биз маҳаллий бозорни ўргандик. Талаб етарли бўлишига ишончимиз комил. Компания Хитойда мавжуд барча турдаги дронларни сизнинг юртингизда ҳам чиқаради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.