Қозоғистонда ниқоб тартиби жорий этилиши режа қилинмаган. Келгуси тадбирлар қандай бўлиши эпидемиологик вазиятга боғлиқ. Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният таъкидлашича, мамлакатда аниқланган COVID-19нинг янги штаммлари, жумладан, стелс омикрон генетик даражада ўрганилмоқда. Натижалар май ойи охиригача маълум бўлади. Вазир таъкидлашича, хасталаниш ҳолатлари асосан йирик мегаполислар - Нур-Султон ва Алматида кузатилган.
Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:
- 12 минтақада коронавирус инфекцияси омикрон штаммининг янги варианти - стелс-омикрон аниқланди. Бу турдаги вирус билан хасталаниш дельта вирусга нисбатан енгил кечади. Бироқ у жадал тарқалиши билан хавфли. Омикрон штаммининг мазкур варианти аввал хасталанган ёки вакцина олган одамларга ҳам қайта юқиши мумкин. Мониторинг ишлари олиб бориляпти. Вирус тарқалишда давом этмоқда. Лекин вазият қатъий назорат остида. Симптомлар билан мурожаат этган беморлар, коронавирус юқтириб олганлар тўлақонли даволанмоқда.
Вазир ревакцинация тадбирининг бориши ҳақида маълумот берди. Республикада ҳар куни 15 минг нафар одам қайта эмланяпти. Pfizer вакцинасини олиш режага кўра амалга ошмоқда. Ҳозирда яна 1 миллион доза вакцина мавжуд.
Абдумалик Сарманов таржимаси.