Қозоғистонда коронавирус юқтириш ҳоллари камая бошлади. Ҳукумат йиғилишида Республика Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой эпидемиологик вазият барқарорлашганини билдирди. Унинг таъкидлашича, хавфли вирус юқтирганлар сони сўнгги икки ҳафта давомида аввалги икки ҳафтага нисбатан 20 фоизга камайган.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
- Шифохона ўринларини кундалик кузатиб бориш натижасига кўра, жорий йилнинг 18 май куни республикада юқумли касалликлар бўлимларидаги ўринларнинг 36, жонлантириш бўлимларининг 28 фоизи банд эди. Юқумли касалликлар бўлимлари Нур-Султон шаҳрида 49 фоиз, Алмати вилоятида 45 фоиз, жонлантириш бўлимлари Нур-Султонда 52 фоиз, Алматида 47 фоиз банд.
Вазир берган маълумотга кўра, ой охиригача QazVac ва Hayat-Vaх вакциналари келтирилади. Шу кунгача 2,6 миллион зардоб дозаси ишлатилди, шундан бир миллион тўққиз юз минг одам биринчи компонент, саккиз юз минг нафари иккинчи компонент билан эмланган. Бош вазир Асқар Мамин аҳолини эмлаш бўйича режалаштирилган ишларни жадаллаштиришни топширди.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Ҳокимлар бу масалани алоҳида эътиборда тутиши керак. Истовчилар вакцина танлаш ҳуқуқига эга, уларга тегишли маълумот берилиши лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцинациядаги интервалга риоя этиши, аҳоли таклиф ва истакларига тегишлича жавоб бериши керак.
Ҳукумат аъзолари, шунингдек, мамлакат миқёсида жорий этилаётган Ashyq иловасининг самарадорлигини кўрсатиб ўтди. Тизим ишга тушганидан буён 3 минг нафардан зиёд «қизил» ва «сариқ» мақомга эга фойдаланувчи аниқланди. Улардан 1 800 нафари ПЗР-тест ижобий натижа берган беморлар. Таъкидлаш жоизки, шу кунларда турли йўналишларда ишлаётган 6 мингдан зиёд объект Ashyq иловасидан фойдаланяпти. Уни кўчириб олганлар сони 1 млн 400 мингдан ошди.
Абдумалик Сарманов таржимаси