Қозоғистонда Қосимхон ҳақидаги тарихий блокбастерни суратга олиш ишлари якунига етди. «Ұлы дала таңы» – «Буюк Дашт тонги» деб номланган тарихий фильм қозоқ давлатчилиги шаклланиши тўғрисида ҳикоя қилади. Режиссёр Ақан Сатаевнинг тўла метражли картинаси Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги кўмагида суратга олинган. Асар тақдимоти шу йилнинг қишида – Мустақиллик куни арафасида ўтказилади.
Ақан Сатаев, фильм режиссёри:
- Шу кунларда «Ұлы дала таңы» фильми съёмкасини тугатдик. Шубҳасиз, биз яхши, сифатли кино яратиш учун бор кучимизни сарфлаймиз, лойиҳани 16 декабрь арафасида тақдим этиш умидидамиз. Тасвирга олишни тугаллаб, энди монтажга киришамиз, ҳаммаси режа бўйича кетяпти.
Йирик лойиҳа съёмкаси ўтган йил қишида бошланган ва Алмати вилоятида бўлиб ўтган. Ўша даврнинг асосий образларини экранда юртимизда таниқли актёрлар - Берик Айтжанов, Данияр Ўразалиев, Ерик Жўлжақсинов ва Айдўс Абдиқадиров жонлантиради. Лойиҳадан асосий мақсад – томошабинга Қозоқ хонлигини Қосимхон бошқарган давр ҳақида ҳикоя қилиш. Ўша пайтларда - XVI асрда – давлат гуллаб-яшнаган, унинг қудрати тўғрисидаги овозалар ўзга элларга ҳам етиб борган.
Абдумалик Сарманов таржимаси