Қозоғистонда коронавирус билан касалланганлар сони кескин ошди. Ўтган сутка давомида 2 минг 549 одам касаллик юқтирди. Бир кун аввал эса 2 минг 283 ҳолат рўйхатга олинганди, дея хабар тарқатди маҳкамалараро комиссия. Статистикага кўра, Нур-Султон ва Алмати бу рўйхатда пешқадам. Қарағанди ва Алмати вилоятларида ҳам COVID-19 юқтирганлар сони ортди. Пандемия бошланганидан буён хавфли касаллик юқтирганлар умумий сони 353 мингдан ошди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцинанинг иккинчи компонентини 21кундан кейин ололмаганлар аризаси юзасидан ўз фикрини баён этди. Вазирлик вакиллари вакцина ишлаб чиқарувчилар дозалар орасидаги муддатнинг ўзгариши имунитет шаклланишига таъсир қилмаслигини билдирганини эслатди.
Вазирлик шу кунларда тиббий ташкилотларда КВИ га қарши вакцина етарли, деб ҳисоблайди."Ушбу ҳафтада яна 400 минг дона вакцина иккинчи компоненти келтирилиши режалаштирилган. Коронавирус инфекциясига қарши вакцинани аҳолига етказиб бериш режага мувофиқ ва етарлича миқдорда амалга ошириляпти. Тақчиллик кузатилмаяпти", дейилган маълумотномада.
Таъкидлаш жоизки, ҳозир омборларда «Спутник V» вакцинасининг биринчи компонентидан 200 мингдан зиёди, иккинчи компонентидан 220 минг дозадан кўпроғи бор. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган QazVac нинг 28 минг дозаси ва 350 минг доза Hayat-Vax вакцинаси тайёрланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси