Қозоғистоннинг барча минтақаларида COVID-19 га қарши 4 турдаги вакцинани танлаш мумкин. Минтақаларга ҳозирда маҳаллий «QazVac» препаратининг юз минг дозаси жўнатилди. Яна бир партия шу ой охирига қадар юборилади. Бу ҳақда брифингда Республика ягона дистрибьютори - «СК-Фармация» раҳбари Ерхат Искалиев маълум қилди. Унинг айтишича, 500 минг доза Хитойнинг «CoronaVac» вакцинаси Қозоғистон вилоятларига 12 июндан кейин етказилади. Бундан ташқари, жойларга бир миллион доза миқдорида «Hayat-Vax» препарати ҳам юборилади. Бугунги кунгача минтақаларга жами 4 млн 400 минг дозадаги коронавирусга қарши вакцина жўнатилган.
Ерхат Искалиев, «СК-Фармация» МЧБ бошқарув раиси:
- "Спутник V" 10 млн 280 минг доза миқдорида харид қилинган, жорий йил 1 февралидан бери 1,9 млн доза илк компоненти, 1,4 млн доза иккинчи компоненти жўнатилган. 1 июнда 1,2 млн доза биринчи, 525 мингта иккинчи компонент юборилиши тугалланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси