Қозоғистонда қимор бизнеси шартлари оғирлаштирилади

Қозоғистонда қимор бизнеси шартлари оғирлаштирилади. Эндиликда 21 ёшдан кичик шахслар пул тикиб ўйнаши мумкин эмас. Бундан ташқари, давлат хизматчилари ва ҳарбийларга ҳам бу иш тақиқланди. У коррупцияга қарши чекловлар қаторига киритилди. Шу билан бирга, мамлакатда лудоманни ҳисобга қўймаган ҳолда даволаш йўлга қўйилади. Кузатувга олинади ва заруратга кўра сифатли тиббий ёрдам кўрсатилади. Янги қабул қилинган қимор ва лотерея ўйинлари тўғрисидаги қонунда ушбу ва бошқа бандлар бор. Астанада бўлиб ўтган брифингда Туризм ва спорт вазири ўринбосари Мирас Тулебаев маълум қилишича, қонун 8 та кодекс ва 14 та қонунга жами 150 қўшимча ва ўзгариш киритишни кўзда тутади. Эндиликда букмекерлар йўлларга, бинолар ташқарисида реклама қўйиши, фуқароларга смс-хабарлар юбориши тақиқланади. Қонунга кўра лотерея сотишда ҳам қатор чекловлар қўйилган. Уларни уй-жойларда, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларида, ибодатхоналарда сотиш мумкин эмас. Бундан ташқари, янги қонунга мувофиқ, мактаблар, университетлар, шифохона ва касалхоналардан 100 метр радиусли масофада лотерея тарқатилиши бутунлай тақиқланди.


Мирас Тулебаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири ўринбосари:


- Қонун қабул қилиниши билан унга ҳамоҳанг равишда Ҳукумат ноқонуний қимор ўйинлари ва лудомания даражасини пасайтириш бўйича мажмуавий иш режаси қабул қилди. У қонунчилик меъёрларига тўлиқ мувофиқлаштирилган ва муаммонинг олдини олишга қаратилган. Режанинг рўёбга чиқарилишини кузатиб бориш учун кўзда тутилган аниқ индикаторлар белгилаб берилган. Унинг рўёбга чиқарилиши оқибатида букмекерлар ва турли казиноларнинг фаол мижозлари сони 42 фоизга камайиши, камида 500 нафар лудоманга тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳар йили камида 7 мингта интернет-казино ва букмекерлик сайтини блоклаш мўлжалланган. Режада 28 та тадбир кўзда тутилган.


Абдумалик Сарманов таржимаси