Қозоғистонда икки кундан буён коронавирус билан касалланиш ҳолатлари камаймоқда. Сўнгги 24 соат ичида COVID-19 тасдиқланганлар сони етти юз нафардан камлиги қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, келгуси ҳафтадан бошлаб мамлакатда карантин чекловлари юмшатилиши мумкин.
Ержан Байтанаев, соғлиқни сақлаш вазирлиги қўмитаси расмий вакили:
- Карантин чоралари “қизил” зонадан “сариқ” зонага ёки “сариқ” зонадан “яшил” зонага ўтилганидан кейин 7 кун кутилгач, амалга оширилади. Агарда ҳудудда етти кун “яшил” зона кўрсаткичлари кузатилса, минтақа бош санитар-врачи мамлакат Бош санитар-врачи қарори асосида ўз минтақасида карантин меъёрларини юмшатиш тўғрисидаги қарорни имзолай олади. Баъзи минтақаларда эса, вазиятга кўра, чекловлар кучайтирилиши ҳам мумкин.
Шу билан бирга, қозоғистонликларнинг кўпчилиги санитария хавфсизлиги қоидаларига риоя этган маъқул, деган фикрда. Бошқа бировлар бир чеккада кутишни афзал кўради. Пойтахт аҳлининг баъзилари саёҳат ва фаол шопинг-сафарни режалаштирган.
Сўровнома:
- Энди “яшил” зонага кирган бўлсак, демак, ижобий ўзгаришлар сари кетаётган эканмиз. Ажойиб хабар, мамнун бўлдим. Эҳтиёт чораларини албатта кўраман.
- Енгиллаштирилса янада яхши, бундан қувонамиз. Аслида мен эркин одамман, бу воқеалар ҳаётимга деярли ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
- Энг ноқулай жиҳати шунда бўлдики, якшанба кунлари жамоат транспорти ишламасди. Кўплаб дўконлар, дейлик, савдо марказлари маълум вақтгача ишлайди, холос. Ишдан кейин бирор жойга боролмаймиз, кинотеатрлар ёпилган, энди, менимча, ҳаммаси қайта очилади.
- Касаллик камайгани айни муддао. Чегаралар очилса, саёҳатга чиқамиз, менимча, бундан жуда бахтли бўламиз. Лекин Қозоғистоннинг ўзида ҳам кўришга арзийдиган яхши жойлар кўп.
Шуни айтиш керакки, коронавирус юқтириш ҳолатлари фақат Қозоғистонда эмас, дунё бўйича ҳам пасая бошлади. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, бундай вазият олти ҳафтадан буён давом этяпти. Лекин БССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус айтишича, вазият бир хил эмас. Баъзи минтақаларда коронавирус қурбонлари сони катта суръатда кўпайиб боряпти. Ташкилот дарҳол карантин чораларини бекор қилиш фалокатга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди. Аввало,
коронавируснинг янги штаммлари туфайли. Гебрейесус карантин юмшатилиши биринчи навбатда эмлаш олмаганларга зарар келтиришини тилга олди.
Абдумалик Сарманов таржимаси