Қозоғистонда кўп сонли автомобиль йўллари таъмирланяпти

Қозоғистонда кўп сонли автомобиль йўллари таъмирланяпти

Жорий йилда Қозоғистонда «Жанаўзен – Туркманистон» автомобиль йўли қурилиши якунланади. «Шимол – Жануб» транспорт йўлагининг бир қисми бўлган йўл участкаси орқали Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Европа Иттифоқи ўзаро боғланади. Айни вақтда, узунлиги 2 минг километрдан зиёд бўлган яна 4 та йирик лойиҳа ишга тушади. Келгуси уч йил давомида 30 минг километр йўлда қоплама янгиланади. Бунинг учун йўл қурилиши ишлари ҳажми ва суръати беш марта ошади. Транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, Қозоғистон автомобиль йўллари умумий узунлиги 95 минг километрга етиши кутиляпти. Шундан 25 минг километри республика тармоғи бўлади. 70 минг километрини маҳаллий аҳамиятга эга йўллар ташкил қилади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Йўл активлари сифати назоратини таъминлаш учун сунъий интеллект жорий этилиши лозим. Автомобиль йўллари рақамли трансформацияси режалаштириш, лойиҳалаштиришдан тортиб, ундан фойдаланиш ва хизмат кўрсатишгача бўлган жараёнларда қўлланиши зарур. Транспорт ва Сунъий интеллект вазирликлари, «Қозавтойўл» компанияси ва Сифат марказига йил охиригача йўллар аҳволини кузатиш, ишлар боришини назорат қилиш ва бюджет маблағларидан фойдаланишни назорат қилувчи, республика, маҳаллий ва шаҳар тармоқлари билан интеграцияланган ягона рақамли майдончани ишга туширишни топшираман.

Абдумалик Сарманов таржимаси