Қозоғистонда иқтисодиётда ўсиш йил бошидан бери 6,4 фоизни ташкил этди

Қозоғистонда иқтисодиётда ўсиш йил бошидан бери 6,4 фоизни ташкил этди

Қозоғистон иқтисодиётида 11 ой давомида ўсиш 6,4 фоизни ташкил этди. Ҳукумат йиғилишида мамлакатни ижтимоий‑иқтисодий ривожлантириш натижалари муҳокама қилинди. Реал сектор хизмат кўрсатиш соҳасидан олдинга чиқиб, 8 фоиздан ортиқроққа ўсган. Қишлоқ хўжалиги ҳам 6  фоиздан зиёд ўсиб, ижобий динамика кўрсатди. Асосий ҳаракатлантирувчи драйверлар — транспорт, қурилиш ва саноат. Иқтисодиётдаги ўсишнинг муҳим омили сармоялар бўлиб қолмоқда. Шунингдек, асосий капиталга киритилган сармоя 13 фоиздан кўпроқ ўсган ва 18 триллион тенгедан ошган. Ижобий савдо баланси ҳам сақланиб қолмоқда, бу эса иқтисодиётнинг барқарорлигини тасдиқлаб, кейинги ривожланиш учун асос яратади.

Серик Жуманғарин, Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири:

— Жорий йил январь‑октябрь ойларида ташқи савдо айланмаси 116,3 миллиард долларни ташкил этди. Маҳсулот экспорти 64,6 миллиард долларни ташкил этган, жумладан, ишлов берилган маҳсулотлар экспорти — 23,3 миллиард долларга тенг. Маҳсулот импорти 51,7 миллиард долларни кўрсатди. Ижобий савдо баланси сақланиб қолмоқда, у 12,9 миллиард доллардан ошди. Ишлаб чиқариш саноатида улуши бунда 5,9 фоизга ўсгани қайд этилган.

Мажлисда Бош вазир Ўлжас Бектенов тегишли муассасалар раҳбарларига қатор топшириқлар берди. Қишлоқ хўжалигида маҳаллий ишлаб чиқариш ва хомашёни қайта ишлашни рағбатлантиришни жорий қилиш лозим, қайта ишлаш саноатида эса инвестиция ҳажми, локализацияни чуқурлаштириш ва технологиялар трансферига эътибор қаратиш, шунингдек, экспорт салоҳиятини ошириш кўрсаткичларини белгилаш зарур.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

— Жорий йилда янги корхоналар ишга туширилди, аввал мамлакатда ишлаб чиқарилмаган маҳсулотлар тайёрлаш бошланди. Саноат ва Молия вазирликларига, «Самруқ‑Қазина» Фонди ва Монополияга қарши орган билан биргаликда давлат харидлари доирасида бир турдаги импорт маҳсулотларни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқишни топшираман. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўшимча қўллаб‑қувватлаш имконини беради. Саноат вазирлигига вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда йил якунига қадар келаси йил учун янги лойиҳалар тўпламини шакллантиришни тугатишни топшираман.

Абдумалик Сарманов таржимаси