Астана иқтисодиётига сармоя ҳажми 2 триллион тенгедан ошган

Астана иқтисодиётига сармоя ҳажми 2 триллион тенгедан ошган

Қозоғистон пойтахти жадал ривожланмоқда. Шаҳарнинг қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткичи 118 ярим фоиздан ошди. Бу – Қозоғистон бўйича энг юқори натижа. Ҳоким Женис Қасимбек айтишича, мамлакатнинг бош шаҳрида иқтисодиётнинг барча йўналишлари равнақ топаётир. Бунинг натижасида пойтахт инвесторлар учун жозибадорлигини йўқотмаяпти. Йил аввалидан буён сармоя ҳажми 2 триллион тенгедан ошган, бу 2024 йилги кўрсаткичдан қарийб чорак қисмга ортиқ. Шунинг 66 фоизи хусусий инвестициялар.


Женис Қасимбек, Астана шаҳар ҳокими:


 – Кичик ва ўрта бизнес иш ўринларининг 70 фоизини таъминлаб, шаҳар иқтисодиёти асоси бўлиб қолмоқда. Шаҳарда 3,9 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, йил сўнгига қадар бу кўрсаткични 5 миллион квадрат метрга етказиш режа қилинган.


Шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда учинчи насосли-фильтрли станция, газли иссиқлик станцияси ва электр подстанция фойдаланишга топширилди. Ҳоким Астанада йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Уни яхшилаш учун 2025 йилда 14 километр янги йўл қурилди ва тахминан 60 километр йўл таъмирланди. Шунингдек, пойтахтда кўпдаражали жадал транзит йўллар қурилиши режа қилинган.


Женис Қасимбек, Астана шаҳар ҳокими:


– Слайдларда бу масала Жанубий-Шарқий Осиёда, Сеул, Токио, Пекин, Бангкок, Жакарта, Манила каби кўплаб пойтахтларда қандай ҳал этилиши кўрсатилган. Биз жадал транзит кўчалар, кўпдаражали чорраҳаларнинг бир неча асосий магистралини лойиҳалаштиришга ўтамиз. 2026 йил лойиҳалаштиришга бағишланади. 2027 йилда иш бошлаш режа қилинган, хусусан, биринчи лойиҳа Қабанбай батир бўйича бўлади.


Абдумалик Сарманов таржимаси