Жорий йилда Қозоғистонда 20 миллион тонна дон йиғиб олинади. Бу эса ўтган йилгига нисбатан 25 фоизга кўп. Ҳукумат йиғилишида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги йиғим-терим кампанияси юзасидан дастлабки маълумотларни тақдим этди. Вазир Ербўл Қарашўкеев таъкидлашича, мамлакатда мавжуд қишлоқ хўжалиги далалари майдони 23 ярим миллион гектарга тенг, шундан 16 миллион гектарида дон етиштирилган. Вазир таъкидлашича, жорий йилда об-ҳаво жуда қулай келгани ҳар жиҳатдан фойда берди. Шу кунгача мамлакатдаги далаларнинг 96 фоизида йиғим-терим ишлари тўла-тўкис якунланди. 12 миллион 600 минг гектар буғдой, 1 миллион 400 минг гектар мойли экин, 149 минг гектар сабзавот ва 164 ярим гектар картошка йиғиб олинди.
Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:
- Ақтўбе, Шарқий Қозоғистон, Жамбил, Жетису, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанди, Қизил Ўрда, Туркистон вилоятлари ва Чимкент шаҳрида буғдой ўрими якунланди. Бошқа вилоятларда сўнгги гектарларда иш давом этмоқда. Лицензияланган дон қабул қилиш корхоналарига 4,2 миллион тонна дон келиб тушди, бу эса 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 марта кўп. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, янги ҳосил дони сифат кўрсаткичлари одатдагидан анча юқори. Лицензияланган дон қабул қилиш корхоналарига тушган буғдойнинг 85,8 фоизи 1-3 классга тўғри келади.
Абдумалик Сарманов таржимаси