Хитойга гўшт экспорти кенгаймоқда

Қозоғистон Хитойга гўшт экспортини кенгайтирмоқда. Яна учта компания Осмон ости давлатига мол гўшти сотишга киришади. Эришилган келишувларга кўра, улар 75 миллион доллар ҳажмида маҳсулот юборади. ХХР бугунги кунда Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалик соҳасидаги энг йирик ҳамкорлари учлигига киради. Ўтган йили мамлакатлар ўртасида агросаноат мажмуаси товарлари айланмаси бир миллиард  300 миллион долларни ташкил қилди. Бу эса 2022 йилдагидан 67 фоизга кўп. Мамлакатдан экспорт қилинган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 2 марта ошди ва бир миллиард долларга етди. Хитойга асосан мойли экинлар ва дон юбориларди, энди чорвачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга эътибор қаратиляпти.

Асқар Жубатиров, Қозоғистон Гўшт иттифоқи ижрочи директори:

– 2019 йилда, коронавирусгача бўлган даврда бу йўналишда иш бошлаганмиз. Экспорт ҳақида келишдик, маҳсулот намуналарини юбордик. Мижозлар топила бошлади. Биз асосан музлатилган мол гўшти жўнатамиз. Қозоғистоннинг кучли жиҳати – биз совутилган маҳсулот экспорт қила оламиз. Энг жозибали жиҳати эса – субмаҳсулотлар экспорти. Улар деярли гўшт билан тенгма-тенг даромад келтиради. Биз эса самарадорликка интиляпмиз. Мамлакатнинг йилқи гўшти бўйича ҳам имкониятлари кўп. Европа билан музокара юритиляпти. Евроосиё ҳудудига жўнатиш бўйича иш олиб бориляпти. Франция, Бельгия ва Италия қизиқиш билдиряпти. Япония ҳам маҳсулот олишга тайёр. 

Хорижга маҳсулот чиқараётган етказиб берувчилар рўйхати ҳам кенгайиб боряпти. Экспорт қилинаётган маҳсулот турлари ҳам ортаяпти. Ҳозир яна 10 турдаги агросаноат маҳсулоти устида иш давом этяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.