Қозоғистонда ички туристлар сони 11 миллион нафарга етади.
Маданият ва спорт вазирлиги 2030 йилга бориб шундай кўрсаткичга эришиш ниятида.
Вазирликда таъкидлашларича, ўз ватанида дам олишни маъқул кўраётган
қозоғистонликлардан ташқари Буюк Дашт мамлакати жамоли кўплаб хорижликларни
ўзига жалб этяпти. Ўтказилган тадқиқотга кўра, туристик оқим сўнгги йилда 11
фоизга ортган. Шу жумладан, Россия, Туркия, Таиланд, Ўзбекистон, Бирлашган Араб
амирликлари ва Грузиядан меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Экспертлар фикрича, 2030 йилга бориб, Қозоғистонда
ҳар йили 4 миллион нафар чет эллик дам олади.
Ақмарал Менлибек, туризм саноати мажмуавий чора-тадбирларни
рўёбга чиқариш бошқармаси бош эксперти:
– Миллий статистика бюроси берган маълумотга кўра, 2023
йилнинг биринчи чорагида меҳмонхоналардан жой олган маҳаллий туристлар сони бир
миллион 348 минг кишини ташкил қилди. Айни вақтда, хорижликлар сони 228 минг
нафардан ошди. Прогнозимизга кўра, йил охиригача ички туристлар сони 9 миллиондан,
хорижий давлатлардан ташриф буюрганлар сони эса бир миллион 400 минг кишидан
ошади. Биринчи чорак
якунлари бўйича ҳисобласак, энг кўп саёҳатчилар Алмати, Астана, Чимкент шаҳарлари
ҳамда Атирау вилоятини томоша қилгани қайд этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси