Қозоғистонда хорижлик талабалар сони ортяпти

Қозоғистонда хорижлик талабалар сони ортяпти

Қозоғистон Евроосиёнинг асосий таълим маркази мақомини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Хорижий талабалар кўпинча Қозоғистон олий ўқув юртларини афзал кўряпти. Бугунги кунда дунёнинг қарийб 90 давлатидан 35 мингдан ортиқ ёшлар мамлакатимиз университетларида таҳсил олади. Республика Фан ва олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, бир йил ичида улар сони 11 фоизга ошган. Асосан, келувчилар Ҳиндистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Хитой ва Россиядан. Алмати, Астана ва Чимкент истеъдодли ёшларни жалб этувчи марказларга айланмоқда. Шу билан бирга, 18 мингдан ортиқ хорижий талаба ўқиётган Алмати Марказий Осиёдаги энг йирик таълим кластерини ташкил этади. Тиббиёт, муҳандислик, IT ва ижтимоий-иқтисодий дастурлар хорижий абитуриентлар орасида энг машҳур йўналишлар бўлиб, бу меҳнат бозоридаги глобал трендларни ҳам акс эттиради. Хорижий талабалар эътироф этишича, таълим учун Қозоғистонни танлашда улар учун асосий мезон юқори сифатли таълим ва ўқиш нархи арзонлиги, диплом хорижда тан олиниши, шунингдек, инфратузилма сифати ва университетларнинг халқаро ҳамкорлиги бўлган.


Алибек Мадибеков, Қозоғистон Республикаси Фан ва Олий таълим вазирлиги Олий таълимни ривожлантириш миллий маркази директори:


– Талабалар таълимни тўлиқ инглиз тилида олиши мумкин. Бугунги кунга келиб, Қозоғистонда таълимнинг тўлиқ курсида 35 минг талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, бизда академик алмашинув бўйича бир семестрга келадиган талабалар сони ҳам кўпчилик. Ҳозирда улар сони 3 мингга яқин. Бундан ташқари, хориждаги Қозоғистон филиалларида ўқиётганлар ҳам бор. Масалан, ўтган йили Омск шаҳрида очилган филиалда 70 нафар, Бишкек шаҳридаги ал-Форобий филиалида эса 1300 га яқин талаба Қозоғистон таълимини олмоқда.


Таълим миграциясининг асосий марказлари


Алмати – 18 195 талаба

Астана – 4 292 талаба

Чимкент – 3 645 талаба


Таълимнинг асосий йўналишлари:


Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт

Педагогик фанлар

Бизнес ва ҳуқуқ

Муҳандислик

Ахборот технологиялари


Абдумалик Сарманов таржимаси