Қозоғистонда газга уланиш автоматлашади

Қозоғистонда газга уланиш автоматлашади

Бунинг учун махсус электрон савдо майдончаси жорий этилиши режалаштирилмоқда. Натижада, истеъмолчиларнинг ўзи монтажчилар ва зарур ускуналар етказиб берувчиларни танлай олади. Шу билан бирга, қозоғистонликлар хизмат ҳақини ҳам, хизмат кўрсатувчи рейтингини ҳам ҳисобга олиши мумкин. Республикада газлаштириш ишлари бориши тўғрисида Ҳукумат йиғилишида ҳисобот берган Энергетика вазири Бўлат Ақчўлақовнинг таъкидлашича, мамлакатнинг 60 фоизи зангори олов билан таъминланган. Жорий йилда яна 76 лойиҳа рўёбга чиқарилади. Ушбу мақсадларда 74 миллиард тенге сарфланади. Натижада, 160 минг одам яшайдиган яна 55 аҳоли пункти газ билан таъминланади. Газлаштириш даражаси ошади.

Бўлат Ақчўлақов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири:

- Йиллик ўтказиш қуввати 5,8 миллиард метр куб бўлган «Бейнеу-Жанаозен» магистрал газопроводининг иккинчи қувури; ўтказиш қуввати 13,1 миллиард куб метр бўлган «Мақат-Шимолий Кавказ» магистрал газопроводи лупинги қурилиши; умумий қиймати 96 миллиард тенге бўлган Алмати шаҳридаги 2- ва 3- иссиқлик энергия марказини газлаштириш шулар жумласидан. Жорий йилда умумий қиймати 75 миллиард тенге бўлган «Жанаозен-Ақтау» магистрал газопроводининг 3-қувури ва Ақтўбега олиб борувчи 3-қувур бюджет ҳисобидан бунёд этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси