31 май – сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларини хотирлаш куни. Эслатамиз, оммавий жамоалаштириш туфайли камида 2 миллион одам очликдан жон берган. Сиёсий сабаблар оқибатида юз минг нафардан зиёд қозоғистонлик қатағон ва қувғин қилинган, 20 минг нафардан кўпроғи отиб ташланган. Бу оммавий қирғин давомида қозоқ зиёлиларининг кўплаб таниқли вакиллари ҳалок бўлди. Улар орасида олимлар, тадқиқотчилар, машҳур маданият арбоблари бўлган. Сиёсий қатағон қурбонлари рўйхатида Темирбек Жургенев ҳам бор. Мамлакатнинг заковатли инсонларидан бўлган бу инсон қозоқ маданиятини ривожлантиришга тенгсиз ҳисса қўшган.
Бауржан Иманғалиев, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб:
- У Алаш арбоблари, шу жумладан, Ахмет Байтурсунов билан яқин ҳамкорликда бўлган. Республика маданият халқ комиссари бўлган Жургенов Турмағамбет Изтлеуовга Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарини таржима қилишни топширади. Унинг раҳбарлигида биринчи марта қозоқ оқинлари ижоди - «Терме» тўплами чоп этилган. Галереялар, музейлар, театрлар очилади. Булар барчасига биринчи қозоқ педагогика олий ўқув юрти ректори Темирбек Жургенов камарбаста бўлган. У ўзининг қисқа - 39 йиллик умри давомида Қозоғистон маданияти ва маорифида инқилоб юз беришига эришган.
Зулм ва қаҳатчилик юз минглаб қозоқлар ватанини ташлаб кетишига сабаб бўлди. Бутун бошли оилалар топган-тутганини ташлаб, бегона юртлардан бошпана ахтарди. Кўплари Туркия томонга йўл олган. Сафар осон кечмаган. Тарихчилар ёзишича, қочқинлар Ҳимолай тоғлари, Ҳиндистон, Покистон орқали ўтган.
Жандўс Бўлдиқов, қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази директори:
– Улар карвонида 45 минг одам бўлган, лекин, сақланиб қолган маълумотларга кўра, Ҳиндистонга етиб келганларида атиги 3 минг 200 нафар одам қолган. Бу мамлакатда кўпчилиги кучли жазирама, ўлат ва бошқа касалликлар сабабли нобуд бўлган. Омон қолганлар Покистон ва Туркияга кетган. Туркиягача фақат 1 минг 200 одам етиб бора олган.
Ҳозир уларнинг авлодлари хорижда истиқомат қилади. Бегона мамлакатда улғайганлар қаторида шоир Зейнел Сурмели ҳам бор. У аждодлар тақдиридаги фожиали давр ҳақида китоб ёзган. Мазкур асар тез кунларда қозоқ тилида чоп этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси