Қозоғистонда DIGITAL NOMAD VISA лойиҳаси ишга туширилди

Қозоғистон  йирик минтақавий IT ўйинчисига айланмоқда. Ушбу ҳафтада Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар стартапларини қўллаб-қувватлаш учун Silkroad Innovation Hub ваколатхонаси очилади. Мамлакатга IT мутахассисларини жалб этиш ниятида Digital Nomad visa лойиҳаси ишга тушди. Ҳукумат йиғилишида Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин маълум қилишича, мамлакатда чиқарилган маҳсулот жаҳон бозорида рақобатбордош, IT экспорти беш марта ўсди ва 334 миллион долларга етди. Маҳсулотнинг ярмидан зиёди Astana Hub иштирокида тайёрланган. Бу ташкилот Google for Startups билан ҳамкорлик қилаётган Марказий Осиёдаги ягона ташкилот. Шу билан бирга, жаҳон тажрибасига мувофиқ венчур молиялаштиришни таъминлаш учун қонунчиликка тегишли ўзгаришлар киритилиши режалаштирилган. Ҳозир Қозоғистонда 16 мингдан зиёд ІТ компания бор, соҳада 180 минг одам ишлаяпти. Лекин барибир мутахассислар етишмаслиги сезилади. Декабрь ойидан бошлаб мамлакатда IT ўқитувчилари тайёрланади, халқаро компаниялар билан бирга янги ўқув курслари ташкил қилинади. Шунингдек, бу касбни эгаллашни истаганлар хусусий IT мактабларида ваучер асосида бепул билим олиш имконияти кўзда тутилган.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Алмати ва Қарағанди вилоятлари тажрибаси асосида ҳар бир минтақада IT-хаби ташкил этиш лозим. Ҳокимликлар инсон капиталини ривожлантириши зарур. Бунинг учун дастурчилар, дизайнерлар, муҳандислар, ушбу соҳанинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш ва қайта ўқитиш билан шуғулланувчи IT мактаблар керак. Фан вазирлиги IT мутахассисларини ўқитиш дастурини дунё тажрибасига мос шаклда тузиши лозим. Талабалар тажриба алмашиш учун энг илғор таълим даргоҳларига юборилиши масаласини ҳал қилиш керак.

Қозоғистон  иқтисодиёти 8 ойда 4,9 фоизга ўсди. Шунингдек, Ҳукумат аъзолари ўтган 8 ой давомида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини таҳлил қилди. Ўтган давр мобайнида иқтисодиёт 5 фоиздан зиёд кўтарилган. Реал сектор фаол ривожланаётгани кузатилди. Бошқа соҳаларда ҳам ижобий ўзгаришлар юз берди. Асосий капиталга киритилган инвестиция 12 фоизга ўсди. Ташқи савдо кенгайди. Январь – июль ойларида товар айланмаси 5,7 фоизга ортди ва 80 миллиард долларга яқинлашди. Унинг ярмидан зиёди - экспорт. Қайта ишланган маҳсулот экспорти 14 миллиард доллардан ошди.   

Абдумалик Сарманов таржимаси.