Қозоғистонда дастлабки рақамли криминалистик лабаратория очилди

Қозоғистонда дастлабки рақамли криминалистик лабаратория очилди

Мамлакатда биринчи рақамли криминалистик лаборатория очилди. Янги дижитал-технологиялар туфайли мутахассислар компьютер экспертизасини жадал амалга оширади, биометрик белгиларга кўра фото ва видео материаллардаги шахсларнинг кимлигини аниқлайди.

Марат Ахметжанов, Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазири:

- Жиноятчилар, ҳуқуқбузарлар бизнинг улардан олдинда эканлигимизни ҳис қилиши зарур. Бу – жуда муҳим. Ҳозирча биз оқибатларга қарши курашяпмиз. Шунинг учун эҳтимолий жиноятларни прогноз қилиш харитаси устида ишлаяпмиз, қайси йўналишда ҳаракатланишни белгилаяпмиз, ҳамиша олдинга қараб интилиб келяпмиз.

Мухит Сулейменов, Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари:

Бу ерда концепцияси мутлақо янгича бўлган ускуналар турибди. Янги  дастурлар ўрнатилган, улар қисқа вақтда компьютер ёрдамида техник тадқиқотларни ўтказади. Ички ишлар вазирлигида мутлақо янгича таҳлил қилиш имкониятлари пайдо бўлди. Шу вақтгача бу нарсаларни бажармаганмиз. Бошқа давлат органларига мурожаат қилардик.  Лойиҳа Жамоат хавфсизлигини таъминлаш концепцияси доирасида жамоатчилик билан бирга амалга ошириляпти. Одамлар юзини идентификациялаш тизимида ижобий натижалар бор. Деярли барча латент ўғирликларни кабинетда ўтирганимизча очаяпмиз, дейиш мумкин. Криминалист одамларни масофадан туриб аниқлаб беряпти. онлайн тартибда камераларнинг айни-манзилларига улана оламиз, у ёки бу ҳуқуқбузарликни ким содир этганини кўрсатиб берамиз.

Ички ишлар вазирлигида таъкидлашларича, бундай чора-тадбирлар ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жамиятдаги умумий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Таъкидлаш лозимки, вазирликда молекуляр-генетик лабаратория ҳам бор. Унда судланганларнинг ДНК-намуналари, жиноят юз берган жойлардан олинган биологик излар сақланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси