Қозоғистоннинг қурғоқчиликдан жабрланган минтақаларига ёрдам бериш давом этади. Уларга озуқа ташишдаги имтиёзлар яна бир ойга узайтирилди. “Қозоғистон темирйўллари” компанияси раҳбари ўринбосари Ўралхан Кулаков вагонлар ёрдамида беда ташишда нархларга қўйилган етмиш етти фоизли чегирма бекор қилинмаслигини билдирди. У маълум қилишича, фақат июль ойида мамлакатнинг ғарбий минтақаларига 167 вагон озуқа жўнатилган. Раҳбар таъкидлашича, бугунги кунда Қозоғистонда ёпиқ юк вагонлари тақчиллиги кузатилмайди.
Ўралхан Кулаков, “Қозоғистон Темирйўллари” компанияси раиси ўринбосари:
- Бугунги кунда озуқа ташишга мўлжалланган вагонлар етарли, бу масалада норозилик йўқ. 15 августга бориб Қозоғистон ичига, экспортга юбориладиган маҳсулот ҳажми борасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги берган ҳажмлар бўйича кейинги ишларни режалаштирамиз. Бу йўналишда топшириқлар бажарилади.
Эслатамиз, жорий йилда Қозоғистоннинг қатор минтақаларида чорва моллари нобуд бўлиши кузатилди. Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигида қатор озуқа турларини хорижга чиқаришни тақиқловчи ҳужжат имзоланди.
Басима Сарманова таржимаси