Қозоғистонда болалар аҳолининг 34 фоизини ташкил этади

Қозоғистонда болалар аҳолининг 34 фоизини ташкил этади

Қозоғистонда деярли етти миллион бола яшайди. Бу эса мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми, дегани. Сўнгги 10 йил ичида улар сони 1,5 миллион нафарга ошди. Уларни муҳофаза қилиш давлат сиёсатида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Бу фаолият янги Конституцияда қайд этилган болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни тарбиялаш тамойилига таянади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан 2024-2025 йилларда болалар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Қозоғистоннинг ҳар бир ҳудудида Болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бошқармалари ташкил этилган. Мактабгача таълим билан олаётганлар улуши 96 фоизга етди, барча ёш қозоғистонликларга бепул ўрта таълим берилиши кафолатланган. Республикада "Шинам мактаблар" миллий лойиҳаси доирасида янги таълим муассасалари қурилиши жадал давом этмоқда. Олти йил ичида мингтадан зиёд бино барпо этилди.

Шинар Акпарова, Қозоғистон Республикаси Маориф вазири ўринбосари:

- Давлат раҳбари топшириғига кўра, 2026-2030 йилларга мўлжалланган «Қозоғистон болалари» концепцияси ишлаб чиқилган. Ҳужжат болалар хавфсизлиги, таълим, соғликни сақлаш, оила, ижтимоий муҳофаза бўйича 4 та устувор йўналишни кўзда тутади. Бугунги кунда мамлакатда 7 миллионга яқин бола бор, улар аҳолининг 34 фоизини ташкил этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси