Қозоғистонда апорт олмаси қайта тикланяпти

Қозоғистонда апорт олмаси қайта тикланяпти

Қозоғистонда афсонавий апорт олма навини тиклаш ишлари давом этяпти. Бунинг учун мамлакатда тегишли дастур ишлаб чиқилган ва ушбу навнинг миллий стандартлари белгиланаяпти. Лойиҳа 4 йилга мўлжалланган ва бир қанча босқичлардан иборат. Биринчи босқичда олимлар энг қадимий олма – Сиверс олмаси уруғларини экишди. Ҳозир кўчатлар босқичи бошланди. 2025 йилда Мева-сабзавотчилик илмий-тадқиқот институти филиали ҳудудига синов учун 10 гектар ҳудудга ниҳоллар ўтқазилади. Олимлар уларга апортни пайвандлаш ниятида. Сўнгра боғ майдони 100 гектаргача кенгайтирилади.


Ерсайин Дўсимбетов,  Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Агромелиорация бошқармаси раҳбари:


Ўзингизга маълум, апорт – олманинг етарлича инжиқ, махсус шароит ва парвариш талаб қиладиган нави. Сифатли мева олиш учун боғлар денгиз сатҳидан 450-1250 метр баландликда бўлиши лозим. Алмати шаҳри ва Алмати вилояти тоғ ёнбағирларида бундай жойлар у қадар кўп эмас. 4-6 йилда ҳосилаг кирадиган бошқа олмалардан фарқли равишда, апорт 8-9 йилда мева бера бошлайди.


Эслатамиз, ўтган йили Алмати апорти расмий тартибда Қозоғистон брендига айланди. Экспертлар таъкидлашича, бу олма нави мевасининг катталиги, тўйинган ҳиди ва таъми туфайли Қозоғистонда ҳам, хорижликлар орасида ҳам кенг эътироф этилади. Шунинг учун бу олмага талаб катта бўлиши шубҳасиз. Фақат апортни, шу жумладан, хусусий селекционерлар томонидан етиштиришни қайта йўлга қўйиш керак.


Ажар Жандўсова, «Алмали жумақ» жамоат жамғармаси директори:


Апортни қайта тиклаш дастури Алматининг олмалар шаҳри, Алмати вилоятининг олмалар  ўлкаси сифатида шуҳратини кенг ёйишга мўлжалланган катта дастурнинг бир қисми бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Минтақамиз Ер юзидаги маданий олма навларидан мутлақо кўп қисмининг ватани, деб тан олинган. Бундан олма туристик йўналишини ривожлантиришда фойдаланиш зарур.


Абдумалик Сарманов таржимаси