Қозоғистонда 2023 йилда 410 минг бола биринчи синфга боради

Қозоғистонда 2023 йилда 410 минг бола биринчи синфга боради

Қозоғистонда 315 минг нафардан зиёд бола биринчи синфга қабул қилинди. Энг кўп ариза Чимкент шаҳри, Шарқий Қозоғистон ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларида қабул қилинди. Умуман олганда, Қозоғистон Республикаси Маориф вазирлигининг ҳисобига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб жами 410 минг бола мактаб парталарига ўтиради.  Энг кўп сонли биринчи синф ўқувчилари – 51 ярим минг бола Туркистон вилоятида ўқиши кутиляпти. Алматида 29 минг, Чимкентда 27 минг бола мактабга бора бошлайди.

Гульмира Кульсариева, Қозоғистон Республикаси маориф вазирлиги ўрта таълим қўмитаси  бош эксперти:

– Таълим тўғрисида қонунга кўра, болалар олти ёшдан мактабга қабул қилинади. Ота-оналар ёзган аризасига тиббиёт далолатномаси ҳамда иккита 3х4 ўлчамдаги фото сурат илова қилиши зарур.  

Эслатамиз, республикада аризалар қабул қилиш 1 апрелдан бошланади. Бу жараён 1 августгача давом этади. Душанбадан жумагача, байрамлардан бошқа кунларда  ҳужжатлар қабул қилинади. Давлат таълим хизмати еgov.kz электрон ҳукумат веб-портали ва маҳаллий ижро органлари ахборот тизимлари орқали олиниши мумкин. Жорий йилда ўқувчилар учун, шу жумладан,  янгидан бунёд этилган 100 та янги таълим даргоҳида қўнғироқ жаранглайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси