Қозоғистонда 12 та оналик ва болалик маркази қурилади

Қозоғистонда 12 та оналик ва болалик маркази қурилади

Қозоғистонда 12 та замонавий перинатал марказ қурилади ва 15 та болалар шифохонаси реконструкция қилинади. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2030 йилга қадар оналикни ва болаликни муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш дастурини, шунингдек, соҳада эришилган ютуқларни тақдим этди. Тиббий хизматлар ҳажми ортяпти, технологиялар фаол янгиланяпти, перинатал ёрдамни минтақалаштириш ҳамда самарали хавфсиз оналик технологиялари билан боғлиқ БССТ ва ЮНИСЕФ тавсиялари, халқаро стандартлар жорий этиляпти. Клиник протоколлар қайта кўрилди, акушерлик ва педиатрияга ёндашувлар модернизацияланди. Шу билан бирга, фавқулодда марказлар тармоғи кенгайди, ҳомиладорлар учун кўрикдан ўтиш имкониятлари ортяпти. Рақамли ечимлар бўйича ҳам чоралар кўриляпти. Ҳомиладорлар электрон карталари, огоҳлантириш сервислари, 18 ёшгача бўлган болалар саломатлиги бўйича рақамли маълумотлар жорий этиляпти. 2024 йилда оналар ўлими ҳолатлари 12 фоизга, гўдаклар ўлими 11 фоизга камайди. Йилнинг биринчи ярмида эса яна тегишлича 10 ва 26 фоизга пасайди. Ушбу кўрсаткич бўйича республика дунёда тегишлича тўртинчи ва тўққизинчи ўринда.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Сўнгги йилларда оналар ва гўдаклар ўлимини 6 мартадан зиёд камайтира олдик. Давлат раҳбари замонавий перинатал марказлар қурилишини давом эттиришни топширди. 1 ноябргача барча зарур ҳужжатлар тайёрланиши ва Чимкент, Қарағандида қурилиш ишлари бошлаш лозим. Аёлларни ҳомиладорликка тайёрлаш, касалликларга вақтида ташхис қўйиш, соғломлаштиришга қаратилган «Оналар саломатлиги» дастурини сифатли рўёбга чиқаришимиз зарур. Марказдан тортиб, олис овулларда яшайдиганларгача тенг асосда сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланишига эришишимиз лозим.


Абдумалик Сарманов таржимаси