«Дельта» штамми сабабли болалар 5 марта кўпроқ хасталанади

«Дельта» штамми сабабли болалар 5 марта кўпроқ хасталанади

Болалар коронавируснинг «дельта» штамми сабабли 5 марта кўпроқ хасталаняпти. Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Профилактик тиббиёт академияси президенти Алмаз Шарман шундай баёнот берди. Унга кўра дунёда пандемиянинг янги босқичи бошланган. Коронавирус вакциналаш даврида омон қолиш учун фаол мутацияга киришмоқда.

Маълум бўлишича, «дельта» штамми аввалги мутациялардан кўра 60 фоиз жадал юқади. Ҳиндистон вариантига чалиниш туфайли шифохонага тушиш ва жон бериш эҳтимоли ортади.

Алмаз Шарман, Профессор-иммунолог, профилактик тиббиёт академияси президенти:

- Коронавируснинг “дельта” ва бошқа вариантларига қарши ягона самарали ҳимоя воситаси - вакцина. Биринчи доза олинганидан кейин ҳимояланиш даражаси 17 фоиз бўлади, лекин иккинчи дозадан сўнг у дельта-вариантга ҳам бардош берадиган ҳолатга келади. Ҳозирги дельта-вариант туфайли юзага келган вазият эмланганлар ва эмланмаганлар орасидаги фарқни янада кенгайтирди.

Иммунолог юзага келган эпидемиологик вазиятда Қозоғистон аҳволини айсберг томон сузиб бораётган кема билан тенглаштирди.

Алмаз Шарман, Профессор-иммунолог, профилактик тиббиёти академияси президенти:

- Мен Оксфорд университети маълумотларини кўриб чиқдим. Жаҳон бўйича 3 миллиард вакцина дозаси олинган. Бу эса тахминан ҳар 100 одамга 39 дозадан тўғри келади. Вакцинация билан АҚШ, Исроил ва Европа давлатлари деярли тўлиқ қамраб олинди. Бироқ жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида эмлаш ишлари анча орқада. Қозоғистонда аҳолининг атиги 17 фоизи вакцинанинг биринчи дозасини, 10 фоизи ҳар икки дозасини олиб улгурди. Назаримда, аҳолисининг 80 фоизи эмланмаган Қозоғистон айсберг томон сузиб бораётган кема каби аҳволда, деб тасаввур қилишимиз мумкин.

Таъкидлаш лозимики, бугунги кунда вакцинация паспортларини тан олиш хусусида музокара юритиляпти. Қозоғистон бу борада катта ишларни амалга оширди. Ҳозир мамлакатимиз Венгрия, Монголия ва Таиланд билан вакцинация паспорти юзасидан шартнома тузди.

Абдумалик Сарманов таржимаси