Қозоғистон  ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос қўмитасига аъзо бўлди

Қозоғистоннинг маданий ва табиий меросни сақлаб қолиш бўйича олиб бораётган ишлари халқаро миқёсда тан олинди. Мамлакат ЮНЕСКОнинг тегишли қўмитасига аъзо этиб сайланиши ҳам шундан дарак беради. Республика учун 118 давлат овоз берди. Таъкидлаш лозимки, Бутунжаҳон маданий мерос қўмитаси халқаро ташкилотнинг энг муҳим органларидан бири ҳисобланади.

Асқар Абдрахманов, Қозоғистоннинг ЮНЕСКО қошидаги доимий вакили:
– Қозоғистон ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос қўмитасига сайланиши республиканинг халқаро саҳнадаги юксак нуфузи ва бу органдаги фаол ишларимиз меваси, деб ҳисоблайман. Экспертларимиз қўмита ишига катта ҳисса қўшишга тайёр. Уларда бу йўналишда салмоқли тажриба бор.

Эслатамиз, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий меросига Қозоғистоннинг олти объекти киради. Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси, Тамғали петроглифлари, Сари-Арқа дашти ва Шимолий Қозоғистон кўллари, Ипак йўлидаги Чанъань-Тянь-Шань йўлаги, Ғарбий Тянь-Шань ва Турон саҳроси улар қаторида. Бундан ташқари, инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига тўғизқумалақ ўйини, махсус қўриқланадигани табиий ҳудудлар – «Бурабай» ва «Марқакўл» қўриқхоналари, ЮНЕСКО номоддий маданий меросига «Ўртеке» мусиқий-қўғирчоқ санъати киритилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.