Қозоғистон инвестиция жалб этиш бўйича Шимолий ва Марказий Осиёда
пешқадам бўлди. 2024 йилда хорижий бизнес 16 миллиард доллар сармоя келтирди. БМТ қошидаги Осиё
ва Тинч океани ҳавзаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси минтақадаги
инвестициялар бўйича маърузасини эълон қилди. Унга кўра, республикага киритилган капитал 2023 йилдагига
нисбатан 88 фоизга ўсган. Минтақага
киритилган сармоянинг 63 фоизи
Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. ЭСКАТО рўйхатида Қозоғистондан кейин Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Грузия ва Арманистон турибди. Аналитиклар фикрича, минтақанинг инвестициявий иқлими халқаро компанияларнинг ўз стратегиясини диверсификациялаш ва «яшил» энергия, рақамлаштириш, технологик инновациялар соҳаларидаги
лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини кўрсатяпти. Экспертлар таъкидлашича, Қозоғистон
барқарор ўсиш ва янги имкониятлар майдончаси сифатида йирик хорижий инвесторлар учун
жозибали.
Ғабидўлла Ўспанқұлов, Қозоғистон
Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестиция қўмитаси раиси:
- Жорий йилда бизга
Қатардан йирик инвесторлар кириб келди. Улар портфелида қатор лойиҳалар бор. Улардан
бири агросаноат мажмуаси
маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган. Лойиҳага кўра, мамлакатимиз дони чуқур қайта
ишланади ва ундан бир қанча турдаги товарлар чиқарилади. Иккинчи лойиҳа – бизда газни қайта ишлаш заводи бунёд этиш. Унга миллиардлаб маблағ сарфланади. Корхона келгуси йил охирида
ёки 2026 йил бошида ишга
тушади.
Жорий йилда республиканинг транспорт-логистика имкониятлари кенгайди. Қатор давлатлар билан тузилган шартномалар бунга кенг
йўл очди. Февраль ойида Давлат раҳбари Хитойнинг Сиан провинциясида транспорт-логистика терминали қурилишига старт берди. У Осмон ости мамлакатининг Шэньси шаҳрини Қозоғистон, Марказий Осиё ва Европа билан боғлайди. Ёзда Транскаспий
Халқаро транспорт йўлаги
орқали контейнер поездлари ва юк машиналари қатнай бошлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон билан икки давлат транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш ва Трансафғон йўналишини ривожлантириш тўғрисида келишилди. Таъкидлаш лозимки, Халқаро молиявий тузилмалар йўл инфратузилмалари бўйича Қозоғистон лойиҳаларига ёрдам
кўрсатяпти. Жаҳон банки
бунинг учун 650 миллион доллар ажратди. Маблағ «Ўрта йўлак»ни кенгайтириш, «Жезқазған – Қарағанди» автомагистралини таъмирлашга сарфланади. Осиё Тараққиёт банки «Қизил Ўрда – Жезқазған» автойўлини қуриш учун 300 миллион доллар ажратди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

