Қозоғистон ва Ўзбекистон келгусида ҳам иккитарафлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятида. Бу ҳақда икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевнинг
мамлакатимизга қилган амалий ташрифи мобайнида Алматида бўлиб ўтган норасмий
учрашув чоғида айтиб ўтди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бундай норасмий
учрашувлар яхши анъанага айлангани, истиқболли вазифаларни белгилаб олиш имкони
эканлигини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
– Бу биз катта мақсад – биродар, дўст давлатлар ўртасида
шерикликни равнақ топтириш устида иш олиб борадиган ишчанлик муҳитида фикр
алмашиш учун жуда яхши имконият. Биз иттифоқчи саналамиз, бутун
Марказий Осиёдаги вазият давлатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабат қандай
бўлишига сезиларли даражада боғлиқ.
Президентлар икки давлат иқтисодиётини ривожлантиришнинг
аҳамиятини таъкидлади. У қанчалик
жадаллашса, ўзаро маҳсулот айланмаси ҳам
шунча катта туртки олади. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзаро сифатли иқтисодий алоқаларидан бутун
Марказий Осиё минтақаси манфаатдор.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти:
- Биз – иттифоқчимиз. Шахсий муносабатларимиз шарофати билан кўплаб
масалалар ҳал бўлади. Аниқ натижалар мавжуд. Сизни Қозоғистон эришган ютуқлар
билан табриклашни истардим. Юртингизда иқтисодиёт равнақ топмоқда. Мен доим
айтаман, Қозоғистон кучли бўлса, Ўзбекистон
ҳам кучли бўлади. Кўп ишлар қилишимиз керак. Жуда катта захирага, барча соҳаларда
имкониятга эгамиз. Ҳар битта учрашув ўзаро муносабатларимизга улкан туртки
беради.
Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари Алмати тоғ-чанғи кластерини кўздан кечирди. Икки давлат раҳбарлари унинг туризм имкониятларини юксак баҳолаб, Марказий
Осиёдаги энг олди курортлардан бирилигини айтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев сунъий онгни ривожлантиришга бағишланган «AlmatyFair.ai.» кўргазмасида ҳам бўлди. Етакчилар Central Asian Innovation Hubs фаолияти билан таништирилди. Ушбу бренд остида ўтган йили Қозоғистон ва
Ўзбекистоннинг йирик технопарклари лигаси жаҳон бозорида инновацияларни илгари
суриш учун бирлашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев Абилхан Қастеев
номидаги Миллий санъат музейини ҳам бориб кўрди. Рассом картиналари
кўргазмасини томоша қилиб, Ўрол Тансиқбоев асарлари билан танишишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

