Қозоғистон ва Туркманистон ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимухамедов норасмий учрашувда шундай баёнот беришди. Суҳбатдошлар стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини ҳам муҳокама қилишди. Шу жумладан, газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга, Қозоғистоннинг қатор хорижий ҳамкорлар билан бирга Ғалқиниш конини ишга туширишда иштирокига эътибор қаратилди. Томонлар транзит-транспорт имкониятларини ҳам кўриб чиқишди. «Шимол – Жануб» йўналишида уларни ривожлантириш масаласида Қозоғистон – Туркманистон – Эрон темирйўл магистрали ва Туркманбоши – Ғарабўғаз – Қозоғистон чегараси автойўли катта ўрин тутиши мумкин.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик фаол ривожланаётгани таҳсинга лойиқ. Амалда стратегик лойиҳалар режалаштирилган. Давлатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорлик самарали ривожланиши уларнинг ишлаб кетиши билан боғлиқ.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Гурбангули Бердимухамедовни Халқаро тинчлик ва ишонч йили бошланиши билан табриклади. Давлат раҳбари таъкидлашича, БМТ қўллаб-қувватлаган бу ташаббус Туркманистоннинг дунё миқёсида катта обрўга эгалигини кўрсатади. Гурбангули Бердимухамедов Қозоғистонни Туркманистоннинг энг асосий стратегик ҳамкорларидан эканлигини кўрсатди.
Гурбангули Бердимухамедов, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси:
– Стратегиямиздан келиб чиққан ҳолда сиёсат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалардаги ўзаро муносабатлар, ҳамкорлик келажагимизни белгилаб беради.
Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси SPK Turkistan саноат паркини кўришди. Унда 36,5 миллиард тенгега тенг 6 та инвестициявий лойиҳа устида иш давом этмоқда. Корхоналарда томчилаб суғориш ускуналари, тракторлар, саноат совутгичлари чиқарилади. Кейинги босқичда яна 112 та объект қурилиши, салкам 40 миллиард тенге қийматга эга 13 та янги лойиҳа ишга тушиши кутиляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Гурбангули Бердимухамедов Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари кўргазмаси билан танишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

