Қозоғистон ва Туркия ўртасида қатновчи авиалиниялар географияси тобора кенгаймоқда. Доимий рейслар сони ошмоқда. Республикамиз бош вазири Алихан Смаилов ва Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай раислигида бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссиянинг XII йиғилишида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар транзит-транспорт соҳаси, саноат, туризм, геология, соғлиқни сақлаш ва агросаноат мажмуасини ҳам устувор йўналишлар қаторида кўрмоқда. Таъкидлаш лозимки, Туркия Қозоғистоннинг асосий иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлари қаторига киради. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айланмаси 33 фоизга ўсди ва 4 миллиард 100 миллион доллардан ошди. Шу жумладан, Қозоғистоннинг Туркияга экспорти 2021 йилда салкам 40 фоизга кенгайди. Шу кунларда турк бизнеси республикамизда 5,5 миллиард доллар қийматга эга инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқаряпти.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
– 2021 йилда икки мамлакат ўртасида товар айланмаси 33 фоизга ўсди ва 4 миллиард долларни ташкил қилди. Пандемия шароитида бу жуда яхши кўрсаткич. Лекин биз бу маррада тўхтаб қолмаймиз. Икки давлат салоҳияти анча катта. Бугун биз 68 пунктдан иборат фаолият режасини туздик. Музокаралар ушбу мураккаб даврда қардош халқларнинг бирлиги мустаҳкамланишига, фойдасига хизмат қилишига ишончим комил.
Абдумалик Сарманов таржимаси