Президент шахмат дарсларини таклиф қилди

Президент шахмат дарсларини таклиф қилди

Қозоғистон президенти жаҳон чемпионлари ва халқаро гроссмейстерлар билан учрашувда мактаб дастурига шахмат дарсларини киритиш таклифини билдирди. Ақўрда сайти берган маълумотга кўра, давлат раҳбари қароргоҳига Жансая Абдумалик, Динара Садуақасова, Бибисара Асаубаева, Гулисхан Нахбаева ва шахмат федерацияси раҳбарлари таклиф қилинди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Гап шундаки, шахмат ҳозиргидан-да оммалашишини истардик. Кимлардир шахмат спорт эмас, дейиши мумкин, лекин мен уни спорт деб ҳисоблашда давом этаман, ҳар бир иштирокчидан бор заковати, эътиборини бир жойга тўплашни талаб қилувчи ўзига хос спорт тури.

Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда мазкур спорт турини ривожлантиришга, тегишли инфратузилмалар яратишга боғлиқ қатор таклифларни тинглади.  

Жансая Абдумалик, Қозоғистонлик шахматчи:

- Мамлакатимизда тизимли давлат ёрдами мутлақо йўқ. Мен шахмат ва IT-йўналишидаги мактаб-интернатлар яратиш керак, деб ҳисоблайман. Бу масалани ҳоким билан муҳокама қилганман. Алматида шундай база яратсак, унда республиканинг барча қисмларидан болалар келиб таълим олиши мумкин бўларди. Энг иқтидорли болаларни саралаб олардик. Мактабда 1500 нафар бола ўқиши мумкин. Шундан 300 нафари ихтисослашган интернатда шуғулланса бўлади.

Президент шахмат бўйича Қозоғистон терма жамоаси Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган шахмат олимпиадасида муваффақият қоонишига умид билдирди. Бундан ташқари, ушбу спорт турини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга эътибор берилишини билдирди. Ёш спортчиларга жаҳон саҳнасида янги ғалабалар тилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.