Икки томонлама музокаралардан сўнг Қозоғистон ва Россия Президентлари оммавий ахборот
воситалари вакиллари учун брифинг ўтказди. Томонлар музокаралар ишчан ва
конструктив руҳда ўтганини, стратегик аҳамиятга эга келишувларга эришилганини таъкидладилар. Давлат
раҳбарининг фикрича, энергетикани ҳамкорликнинг ўта муваффақиятли йўналиши сифатида ажратиб кўрсатиш учун
барча асослар бор. Бунга «Балхаш» атом электр станциясини қуриш бўйича имзоланган битимлар
ҳам сабаб бўла олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия
Президентининг давлат ташрифини жуда муваффақиятли, деб баҳолади ва бу икки давлат
ўртасидаги муносабатлар солномасига алоҳида аҳамиятга эга воқеа сифатида
киришига ишонч билдирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар дўстлик ва
яхши қўшничилик анъаналарини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида умумий
тараққиётга интилиш билан бирлаштиришдан
иборат бўлган Қозоғистон - Россия
ҳамкорлигининг моҳиятини акс эттиради. Россия Федерацияси Президентига
Қозоғистон - Россия муносабатларини ривожлантиришга қўшган тарихий ҳиссаси учун
яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман. Катта мамнуният билан
таъкидламоқчиманки, Сизнинг давлат ташрифингиз кўп қиррали давлатлараро
ҳамкорликнинг ўзига хослигини тасдиқлади.
Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:
– Биз сиёсат, иқтисод, маданий-гуманитар соҳалардаги икки
томонлама ҳамкорликнинг асосий масалаларини атрофлича муҳокама қилдик, халқаро муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларга тўхталиб ўтдик. Қўшма баёнот имзоланди,
унда Россия - Қозоғистон ҳамкорлигининг бутун мажмуасини мустаҳкамлашнинг
устувор вазифалари белгиланган. Шунингдек, турли соҳаларни қамраб олган бир
қатор муҳим ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
Қозоғистон ва Россия президентларига металлургия,
нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларда саноат кооперацияси бўйича қўшма
лойиҳалар намойиш этилди. Ҳозир 10 миллиард доллар қийматга тенг 24 та лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Қозоғистон ва Россия раҳбарларига ишлай бошлаган «Астана – Москва» ҳайдовчисиз юк ташиш автойўналиши намойиш
этилди. Янги юк машиналари жаҳон тажрибасида
биринчи марта икки кун ичида уч минг километрга яқин масофани босиб ўтди. Яъни, юк етказиш вақти икки марта қисқарди. Амур
йўлбарсларини реинтродуксия қилиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Россия томони
аввал эришилган келишувлар доирасида тўртта жониворни топширди. Улар Или-Балхаш резерватига қўйиб юборилган.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари онлайн тарзда Астана шаҳрида инновацион
соҳаларда рақобатбардош мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлашга қаратилган «Сириус»
мактаби қурилишига старт бердилар.
Абдумалик Сарманов таржимаси

