Қозоғистон
ва Жанубий Корея ҳамкорликни янги босқичга кўтаради. Асосий йўналишлардан бири
Алатау шаҳрини ривожлантириш бўлади. Томонлар бу бўйича ҳукуматлараро келишув
тайёрлаяпти. Ҳужжат ҳамкорликнинг асосий йўналишларини ва лойиҳанинг кейинги
йўл харитасини белгилайди. Кореянинг
KIND корпорацияси стратегик ҳамкор сифатида кўрилмоқда ва интеллектуал
муҳандислик тармоқлари, замонавий транспорт инфратузилмаси, тураржой туманлари
ва мастер-планлар барпо этишда иштирок этиши мумкин. Пойтахтда икки давлат
савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссиясининг 11-мажлисида лойиҳани
амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Эслатамиз, яқинда Алатау шаҳрининг
махсус ҳуқуқий тизими тўғрисида Конституциявий қонун қабул қилинган. Ҳужжатда
инвесторлар учун алоҳида шароит, соддалаштирилган маъмурий тартиб, бизнесни
қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари кўзда тутилган.
Ерсайин
Нағаспаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири:
- Қозоғистон
томони таклифига кўра, Алатау шаҳрини ривожлантириш бўйича Ҳукуматлараро
келишув тайёрлаш устида иш олиб бориляпти. Менга маълум бўлишича, тарафлар
тегишли ишларни бошлаган. Мазкур ҳужжат ҳамкорликнинг умумий ёндашувлари ва
истиқболларини мустаҳкамлаш, кейинги ҳаракатларнинг йўл харитасини белгилаш
имконини беради. Ўйлайманки, ҳар иккала томон мазкур ҳужжатни тезкорлик билан
кўриб чиқади ва биз уни давлатимиз раҳбари
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг жорий йилда Кореяга ташрифи чоғида имзолашимиз
учун тайёр бўлади.
4 миллиард
қийматга тенг 46 та лойиҳа: Қозоғистон ва Корея стратегик ҳамкорликни
кенгайтиради
Айтиш жоиз, бугунги кунда давлатлар умумий қиймати
тўрт миллиард долларга яқин бўлган 46 та қўшма лойиҳани амалга оширмоқда.
Томонлар шериклиги саноат, энергетика, қурилиш, транспорт ва юқори технологияли
соҳаларда равнақ топяпти. Транскаспий транспорт йўналишини ривожлантиришга
алоҳида эътибор қаратилган. Қозоғистон корейс компанияларини Ўрта йўлак
инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этишга чақирди. Эслатамиз,
Жанубий Корея мамлакатимизнинг асосий иқтисодий ҳамкорлари сирасига киради.
Сўнгги 10 йилда корейс сармоялари ҳажми 8 миллиард долларга етган, маҳсулот айланмаси
эса ўтган йил якунларига кўра, 3 миллиардга ошди.
Ким Чжон Кван,
Корея Республикаси Савдо, саноат ва захиралар вазири:
- Захиравий
ҳамкорлик ва саноат лойиҳалари каби анъанавий
йўналишларга ўта муҳим минераллар, технологик ҳамкорлик ва янги
шаҳарларни ривожлантиришдаги шериклик ҳам қўшилди. Ўйлашимча, кенг қамровли
иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув бўйича ишларни фаоллиштириш лозим.
Ҳужжат иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги занжирлар
барқарорлигини кучайтириш учун асос бўлиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси

