Қозоғистон ва Германия ўртасида «Тадбиркорлик алоқалари» дастури ишга туширилганига 15 йил тўлди. Ушбу тузилма воситачилигида етти юз нафардан зиёд қозоғистонлик тадбиркор хорижда турли мавзуларда бизнес-амалиётдан ўтди. Улар немис бизнеси билан алоқаларини кенгайтирди, технологиялар, товар ва хизматлар трансфертини йўлга қўйди. Астанада тадбиркорлар ҳамкорлиги дастурини рўёбга чиқариш бўйича якуний конференция ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий йўналишлари «яшил энергетика», ТЭМ ва эко-технологиялар бўлди. Бу йўналишлар Қозоғистоннинг 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш мақсадига эришишида асосий ўрин тутади.
Герлинд Хекманн, Германия Иқтисод ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлиги вакили:
– Албатта, кўплаб соҳаларни қамраб оламиз. Қишлоқ хўжалигидан тортиб, енгил саноатгача. Биз тадбиркорларга иқтисод асосларини ўргатишга интиламиз. Бундан ташқари, тикланувчи энергия манбалари соҳасида ишловчи бизнесменлар билан тажриба алмашамиз. Қозоғистонга зарур билимлар бериш, эҳтиёжларини ҳисобга олишга интилаяпмиз.
Яна бир муҳим натижа – янги контрактлар тузиш учун имкониятлар очиб берилиши. «Тадбиркорлик алоқалари» дастурига аъзо Қозоғистон ва Германия компаниялари ўртасидаги йиллик товар айланмаси 5 миллион еврони ташкил қилади. Стажировка якунига кўра ҳамкорлик шартномаси тузганлардан бири - Ақнур Ермашева.
Акнур Ермашева, тадбиркор:
– Биз дастурда қатнашишга қарор қилдик ва ҳужжатларимизни топширдик. Саралашдан ўтдик, Берлинда шартномалар туздик. Дунёнинг тўртинчи иқтисоди бўлган Германияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар юқори сифати билан ажралиб туради. Бу эса маҳсулотга талаб бўлишини кафолатлайди. Чунки сифат истеъмолчи учун энг муҳим жиҳатлардан бири.
Йил охиригача мамлакатимиз кичик ва ўрта бизнес сектори вакиллари Германияда иқтисодий кооперация, ақлли қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, «яшил технологиялар», тиббиёт соҳаларида бизнес амалиётдан ўтиши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.