Қозоғистон Того давлатини
Африкадаги муҳим ҳамкор сифатида кўради. Ушбу қитъа мамлакатлари билан
ҳамкорликни мустаҳкамлаш эса ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири. Бугун
Қосим-Жўмарт Тўқаев Того етакчиси Фор Эссозимна Гнассингбе билан суҳбатда шуни
таъкидлади. У расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлиб турибди. Давлат раҳбари
таъкидлашича, ушбу ташриф икки давлат орасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг
10 йиллигида ўтаётгани рамзий маъно касб этади ва ўзаро фойдали алоқаларда янги
саҳифа очади. Бунинг учун эса катта имкониятлар бор. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани
каби, янги технологиялар, инвестициялар, қишлоқ хўжалигида амалга ошириш мумкин
бўлган ишлар кўп. Шу жумладан, Қозоғистон Тогога дон экспорт қила олади. Давлат
раҳбари Африка республикасини Озиқ-овқат хавфсизлиги Ислом ташкилотига киришга
ва унинг салоҳиятидан фойдаланишга чақирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Икки давлат
ўртасида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳар
томонлама муҳокама қилинди. Қозоғистонга Ломе порти имкониятларидан фойдаланиш
таклиф қилинди, у Ғарбий Африкада имкониятларига кўра иккинчи ўринда туради. Биз
ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳаракат қилишимиз зарур. Шунинг учун
Того тадбиркорларини келгуси йилда бўлиб ўтадиган Астана халқаро форумига
таклиф қилдим, анжуманда улар Қозоғистон салоҳияти билан таниша олади.
Фор Эссозимна
Гнассингбе, Того президенти:
– Того Қозоғистон
билан ҳамкорликка катта эътибор беради. Минтақалараро ва қитъалараро даражада
ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Мамлакатимизда инвесторлар жалб этиш учун
қулай иқлим яратилган. Того қозоғистонлик инвесторлар учун товар айланмаси
йўлга қўйилган давлат сифатида қизиқиш уйғотади, деб ҳисоблайман. Делегациямиз
савдо-иқтисодий, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, транспорт, рақамлаштириш соҳаларида
ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Мамлакатингизнинг халқаро саҳнада олиб
бораётган тинчликпарварлик ишларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Турли қитъаларда
бўлса ҳам, Қозоғистон ва Того кўплаб умумийликларга эга. Ҳар икки давлат табиий
захираларга бой бўлиб, темир, фосфат, боксит ва бошқа нодир минераллар қидируви
ҳамда қазиб олинишида ҳамкорлик қилиши мумкин. Ва албатта, мамлакатлар кун
тартибидаги кўплаб долзарб масалаларда ўзаро ўхшаш позицияда туради. Дарвоқе, давлатлар
ўртасида глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги шериклик ҳам муваффақият
билан равнақ топмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, Қозоғистон ва Того,
бошқа давлатлар сингари, халқаро муносабатларни соғломлаштиришга ўзаро
хабардорлик асосида ҳисса қўша олади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.