Қозоғистон тиббий туризмнинг янги марказига айланди

Қозоғистон тиббий туризмнинг янги марказига айланди

Қозоғистон тиббий туризмнинг янги марказига айланмоқда. Сўнгги беш йил ичида мамлакатга даволаниш учун келаётган беморлар сони беш марта ортди. Бу мақсадда Астанага  ташриф буюрганлар сони 2022 йилдагига нисбатан тўрт марта кўпайди. Жами 50 тадан зиёд давлатдан нажот излаб келаётганлар бор. Пойтахтда ўтказилган соҳага оид халқаро конференцияда шундай баёнот берилди. Вазирликда таъкидлашларича, республикага асосан сифатли хизмат, замонавий технологиялар ва арзон нархлар учун келишади. Масалан, ташхис ва амалиётлар АҚШ, Европа давлатларидагига нисбатан тўрт-беш марта арзон. Қозоғистонда инновациявий технологиялар фаол жорий этиляпти, кардиохирургия, трансплантология ва онкология соҳалари фаол ривожланяпти.

Ақмарал Альназарова, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

- Тиббий туризм соҳасида пешқадам бўлган давлатлардан ҳам ташриф буюраётганлар сони  кескин ортаётганини кузатяпмиз. Хитойдан ташриф буюрганлар сони 24 марта, Ҳиндистондан 40 марта кўпайди. Асосий ҳамкорларимиздан бири ҳамда рақибимиз, туризм бизнеси намунаси бўлган қардош Туркиядан уч марта кўпроқ турист келди.  Европа, Америка, Шарқий ва Марказий Осиё, яқин ва узоқ хориждан ташриф буюришяпти. Бу эса бизнинг беморлар учун зарур нарсаларни тақдим эта олаётганимизни кўрсатади.

Қозоғистонда тиббиёт хизматлари сифати юқорилигини дунё тан оляпти. 9 та клиника JCI халқаро аккредитациясидан ўтган, миллий аккредитация тизими эса жаҳон стандартларига тўғри келади. Бугунги кунда мамлакатдан 80 тадан зиёд юқори технологик тиббий ёрдам турлари — робот-ассистент ёрдамида амалга ошириладиган амалиётлардан протон ва гамма-терапиягача бор. Қозоғистон кардиохирургия хизмати дунёнинг илғор ўттизлигига киради.

Рустем Тулеутаев, Республика Кардиология ва ички касалликлар илмий-тадқиқот институти бошқаруви раиси:

- Сўнгги йилларда энг кўп сонли беморлар Россия Федерацияси, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистондан келди. Шунингдек, Европадан, узоқ хориждан келаётганлар ҳам анчагина. Беморларнинг асосий қисми Россия федерациясидан эканлиги бежиз эмас. Сифат ва нархлар, ҳамёнбоплик масаласига келганда, хизматларимиз анча арзон.

Таъкидлаш лозимки, конференцияда дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи тиббий экспертлар, 13 та давлат агентлари ва байерлари қатнашди. Анжуманда Соғлиқни сақлаш, Туризм ва спорт вазирликлари ҳамда Қозоғистон Тиббий туризм ҳамжамияти билан шартнома тузди.

Абдумалик Сарманов таржимаси