Қозоғистон Президенти тиббиёт соҳаси ходимларини мукофотлаш маросимида нутқ сўзлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев йиғилганларни касбий байрами билан табриклади. Президент «оқ халатли нажоткорлар» тинч ҳаёт қаҳрамонлари эканлигига эътибор қаратди ва уларга миннатдорчилик билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Тиббиёт ходимлари – миллат саломатлиги соқчилари, энг қадрли касб эгалари. Айниқса дунё бўйлаб ковид касаллиги тарқалганда кўпчилик бунга гувоҳ бўлди. Мураккаб даврда тиббиётчилар минглаб инсонларни ажал чангалидан олиб қолди. Биз уларнинг машаққатли меҳнатини юқори баҳолаймиз. Иродасига тан берамиз. Зеро, «бир одамнинг жонини асраб қолиш бутун инсониятни асраб қолиш билан тенг».
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида 380 минг нафар мутахассис меҳнат қилади. Инсонлар ҳаётини қутқараётганларнинг меҳнати бебаҳо. Президент таъкидлашича, бугунги кунда Қозоғистон шифокорлари катта ютуқларга эришди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Беш йил ичида 800 та шифохона ва поликлиника қурилди. Бу йўналишдаги ишлар давом этяпти. Давлат тегишли инфратузилмаларни ривожлантиради. Миллат саломатлиги ҳақидаги ғамхўрлик биринчи тиббий ёрдамдан бошланади. Мамлакатда қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш ишлари давом этяпти. Шу кунгача 469 та объект қурилди, йил охиригача яна 186 таси фойдаланишга топширилади. Туман шифохоналари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади.
Мамлакатда тиббий туризм ҳам фаол ривожланяпти. Ҳар йили 45 тадан зиёд давлатнинг 10 минг нафардан зиёд фуқароси Қозоғистон га нажот истаб келади. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, бу ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг такомиллашганини кўрсатади. Қозоғистон врачлари юракда амалиёт ўтказади, органларни кўчиради, нурлантириш терапиясининг энг илғор усулларидан фойдаланади. Мамлакатда фармацевтика саноати ҳам ривожланиб боряпти. Давлат раҳбари мана шу стратегик муҳим соҳани ривожлантиришда давом этиш, унга халқаро инвесторларни жалб этиш зарурлигини тилга олди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз тиббиёт фани салоҳиятини тўла очишимиз керак. Бунинг учун пойдевор яратилган. Олимларимиз онкология, трансплантология, неонатология, генетика, биотиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришаяпти. Мамлакатда ишлаб чиқарилган қон касалликларини даволовчи препаратлардан фойдаланиляпти. Сунъий идрок касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволашда янги уфқларни очяпти. Бу истиқболли соҳада изчил ҳаракат қилиш керак. Ядро тиббиёти имкониятларидан ҳам тўлақонли фойдаланиш зарур.
Тадбир ниҳоясида Қозоғистон Президенти мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ишига катта улуш қўшган тиббиётчиларга давлат мукофотлари топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

