Қозоғистон Президенти «Марказий Осиё – АҚШ»
саммитида иштирок этди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев таъкидлашича, «С5+1» форматидаги тадбир минтақа мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги
алоқаларда янги давр бошланаётганини кўрсатади. У АҚШ Президенти
Дональд Трампнинг халқаро сиёсатдаги ўрнига алоҳида тўхталди ва
уни таниқли давлат арбоби, деб атади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Сизнинг
раҳбарлигингизда Америка янги олтин асрга кириб боряпти. Мен сизнинг узоқни кўзлаган «Американи янада буюк қиламиз» деган концепциянгизни юқори баҳолайман, у мени Адолатли ва Кучли Қозоғистон
яратиш бўйича кенг кўламли стратегияни рўёбга
чиқаришга илҳомлантиряпти. Тинчликпарвар Президент сифатида сиз саккиз ой ичида саккизта урушни тўхтатишга ёрдам бердингиз, шу тариқа, Американинг халқаро барқарорлик устуни сифатида аҳамиятини
оширдингиз.
Давлат раҳбари Қозоғистоннинг Америка Қўшма Штатлари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини тасдиқлади. Америка компанияларини мамлакатимизда яратилган имкониятлардан фойдаланишга
чақирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– 100 миллиард доллардан зиёд сармоя киритган АҚШ иқтисодимизнинг энг йирик инвестори
сифатида абадий двигатель вазифасини бажаряпти. Давлатлар ўртасидаги товар айланмаси сўнгги йилларда икки марта ошди ва 5 миллиард долларни ташкил қилди. Биз Америкада ишлатилаётган ураннинг 25 фоизини берамиз. 600 тадан зиёд Америка
компанияси
Қозоғистонда бизнес юритяпти.
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Вашингтонга
ташрифи доирасида 17 миллиард доллар қийматга эга шартномалар имзоланди. 30 тадан зиёд икки томонлама ҳужжатларда сунъий интеллект,
авиация, таълим,
рақамли технологиялар ва саноат соҳалари
кўзда тутилган. Умуман олганда, Президент таъкидлашича, Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти ярим триллион долларга тенг.
Абдумалик Сарманов таржимаси

