Астана
яна халқаро ҳамжамият эътиборида. Пойтахтга 20 давлатдан экспертлар,
сиёсатшунос ва олимлар келди. Astana Think Tank Forumда улар халқаро муносабатлар тизими ва ўртача
давлатлар салоҳиятини муҳокама қилади.
Сўнгги даврда уларнинг дунё миқёсида нуфузи ортиб боряпти. Бунга жадал
ўзгараётган қоидалар, беқиёс хавфли чорловлар ва кўп томонлама халқаро
ташкилотлар нуфузи пасайиши сабаб бўляпти. Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, инсоният келажаги давлатларнинг ўзаро
алоқаларни мувофиқлаштира олишига боғлиқ. Ўртача мамлакатлар бу жараёндаги яхши
воситачи бўла олади. Қозоғистон бунда иштироки билан танилди.
Мамлакатимиз Эрон билан ядро қуроли бўйича шартнома тузилиши, Сурия
музокаралари, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги учрашувлар бундан далолат
беради.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
–
Биз нисбатан инклюзив ва барқарор халқаро тизимни кўришни истардик. Давлатлар катта-кичиклигидан
қатъи назар, янада яхшироқ дунё яратишга ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Қозоғистон
келажакда ҳам жаҳон саҳнасида фаол иш юритиш ниятида. Биз дипломатия, иқтисодий
ҳамкорлик ва кўп томонлама бошқарув туташган нуқтадамиз. Салмоқли таъсир
кучимиз мавжудлиги туфайли ҳамкорларимиз ва ҳамкасбларимиз билан бирга бўлажак
дунёнинг шаклланишига салмоқли ҳисса қўша оламиз.
Давлат
раҳбари яна бир марта Россия — Украина зиддиятлари хусусида фикр билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
–
Биз тинч йўл билан муаммони ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва барча
давлатларнинг, шу жумладан, Хитой ва Бразилиянинг рўёбга чиқиши мумкин бўлган
режаларини қўллаб-қувватлаймиз. Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда ўзаро қирғин давом
этади. Эҳтимол, баъзи давлатлар бундан манфаатдор бўлиши мумкин, аммо бу йўл
халокатга олиб боради. Конструктив
музокаралар орқали тинчликка эришиш заифлик эмас, стратегик оқиллик белгиси.
Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирокчилар саволларига жавоб берди. Шу жумладан, Қозоғистоннинг
минтақадаги ўрни, ўртача давлатлар мавқеидан самарали фойдаланиш бўйича фикрини
айтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Менимча, дунё харитасида Марказий Осиё тобора аниқроқ кўрина бошлади. Бу фикримни
Марказий Осиёдаги хамкасбларим ҳам тасдиқласа керак. Муҳим минтақанинг
салоҳиятини мустаҳкамлаш учун бор кучимизни сарф қиламиз. Бирлашган Миллатлар
ташкилотини ҳам кучайтириш керак, деб ҳисоблайман. Унинг ўрнини босадиган куч
йўқ.
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Қозоғистонга тинчлик ва
тараққиётга эришиш учун кўзланган мақсадлар муҳим. Республика ҳамкорлик учун очиқ ва инвесторларни таклиф этади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси