Қозоғистон Президенти Қишлоқ хўжалиги ходимлари Иккинчи форумида қатнашди

Қозоғистон Президенти Қишлоқ хўжалиги ходимлари Иккинчи форумида қатнашди

Астанада Қишлоқ хўжалиги ходимларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Президенти, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, соҳа ассоциациялари вакиллари, инвесторлар, соҳа фахрийлари ва тегишли олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев хўжалик раҳбарлари, фермерлар, чорвадорларга миннатдорчилик билдирди ва касб байрами билан табриклади. У таъкидлаганидек, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ҳажми сўнгги ўн йилда 2,5 мартадан кўпроқ 8,3 триллион тенгега ўсган. 2030 йилгача бу кўрсаткични икки карра ошириш лозим, дея таъкидлади давлат раҳбари. Бугун Қозоғистон озиқ-овқат хавфсизлиги глобал рейтингида 32-ўринда туради. Аммо эришилган маррада тўхтаб қолиш мумкин эмас. Қосим-Жўмарт Тўқаев қишлоқ хўжалигида мавжуд салоҳиятнинг боридан фойдаланишга чақирди, қолаверса, соҳа ходимларига давлат томонидан зарур кўмак кўрсатилади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Агросекторда сувни тежайдиган замонавий технологиялар жорий этиляпти, сувни кўп талаб қилувчи экинлар майдони қисқартирилмоқда, лекин бу фақат ишнинг бошланиши. Экспертлар уч йил ичида сувни тежовчи технологиялар билан бир миллион гектар майдонни қамраб олиш имкони бор, деб ҳисоблайди. Рақамли ечимларни жорий этиш, лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларини қатъий назорат қилиш орқали сув инфратузилмасини модернизация қилишни тезлаштириш даркор.


Қосим-Жўмарт Тўқаев чорвачиликдаги салоҳиятни таъкидлади. Соҳада молиялаштиришнинг аниқ механизмлари амал қилади, яйловларни сув билан таъминлашга, бўрдоқичилик майдончалари қурилиши ва наслдор мол олишга субсидия берилади. Биргина ўтган йили бунга 60 миллиард тенгедан зиёд маблағ ажратилган. Чорвачилик соҳасидаги бизнесни қўллаб-қувватлаш режаси чорва бош сонини оширишга имкон беради. У келаси йили қабул қилинади. Бу Қозоғистонга халқаро бозорда йирик гўшт етказувчи мақомини кафолатлайди. Президент, шунингдек, бошқа масалаларга ҳам тўхталиб ўтди, қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Биздаги хўжаликлар турли технологик новацияларни - смарт-фермалар, агродронлар, йўлдош технологиялар ва сунъий идрокни қўллай бошлади. Аммо бутун мамлакатда кенг миқёсли, тизимли илгарилаш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Алоҳида “ақлли” ечимлардан тўлақонли рақамли агросаноатга ўтиш керак. e-АПК платформаси базасида қишлоқ хўжалиги маълумотларининг ягона архитектурасини яратиш зарур, у соҳани мажмуавий бошқаришни таъминлайди.


Президент, шунингдек, соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича ишларни тезлаштиришга чақирди. Бугунги кунда Ҳукумат 4 триллион тенге қийматидаги 200 дан ортиқ инвестлойиҳа рўйхатини шакллантирган. Давлат раҳбари Qazaq Organicfood брендини халқаро бозорда илгари суришни ҳам топширди. Умуман, республикамиз дунёнинг 70 давлатига беш миллиард доллардан зиёд маблағ эвазига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Бугун соҳанинг 30 нафар ходими Президент қўлидан давлат мукофотларини қабул қилиб олди.


Абдумалик Сарманов таржимаси