Қозоғистон Президентининг БМТ Бош ассамблеяси 78-сессияси доирасидаги дастурини бир неча учрашув очиб берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Словения етакчиси билан савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, гуманитар соҳалар ва IT саноатдаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Учрашув мобайнида Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг нуфузи ортиб бораётгани тилга олинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Словения Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкори бўлиб қолади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Мен сизни Қозоғистонга расман ташриф буюришга таклиф
қиламан. Келгуси йилнинг июнь ойида халқаро Астана форуми бўлиб ўтади, ушбу
майдончада сиёсат ва иқтисодиёт масалалари муҳокама қилинади.
Президентлар Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Иброҳим Раисий
Қозоғистон-Эрон ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокара давомида икки давлат етакчилари транспорт, логистика ва савдо
масаласида қатор чора-тадбирлар кўриш лозимлигини тилга олиб ўтди. Жумладан,
ўзаро савдода асосий йўналиш сифатида «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон»
темирйўлидан ва Каспий денгизидан фойдаланиш таклиф қилинди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев Бандар-Аббос портида Қозоғистон савдо терминали қурилишининг аҳамиятини
таъкидлаб ўтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз виза жараёнлари, шунингдек, бизнес ва фуқароларга доир ишлар
бўйича муҳим шартномаларга эришдик. Қозоғистон Эрон билан алоқаларни
мустаҳкамлаш ниятида эканлигини таъкидлашни истардим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзаро товар айланмаси муҳимлиги ва ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш зарурлиги хусусида Финляндия, Эстония ва Венгрия президентлари билан суҳбатлашди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикас Президенти:
- Мен Венгрия билан яқин ҳамкорликда эканлигимизни
алоҳида таъкидлаган бўлардим. Анъанавий ишончли алоқа ва муносабатларимиз
мавжуд. Эришилган ютуқларимизни юқори даражада қадрлайман. Фурсатдан
фойдаланиб, сизни Қозоғистонга таклиф этаман.
Абдумалик Сарманов таржимаси.