Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия транспорт-логистика компанияси барпо этади

Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия транспорт-логистика компанияси барпо этади

Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш учун ягона транспорт компанияси ташкил қилади. У Европа ва Хитой ўртасидаги юкларнинг ягона тарифлар асосида боришини таъминлайди. Ҳозир томонлар бу йўналишдаги барча, шу жумладан, маъмурий жараёнларнинг имкон қадар соддалаштирилиши устида ишлаяпти. Шунинг юк ташишнинг умумий қоидалари ишлаб чиқилади, улар хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва юкларнинг жадал етказиб берилишини таъминлайди. 

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири:
- Компания  «Астана» халқаро молиявий марказида рўйхатга олиниши тўғрисида қарор қабул қилинди. У юкларни етказиб бериш бўйича ягона тарифларни белгилайди. Нархлар 5 йил давомида барқарор туради ва юкларнинг йўлак орқали ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди. Йўлак ишга тушганида етказиб бериш муддати 50 кун бўлган эди. Ҳозир бу ишни 18-20 кун ичида уддалаяпмиз, келгусида бу муддатни 15 кунгача қисқартирамиз. 

Таъкидлаш лозимки, Транскаспий халқаро транспорт йўлагига талаб ошиб боряпти. Сўнгги икки йилда фақат Қозоғистон ҳудуди орқали ўтказилган юклар ҳажми икки марта ортгани кузатилди. Ўтган йили «ўрта йўлак»ка Ақтау ва Қуриқ портлари орқали 1,6 миллион тонна юк жўнатилди. Жорий йилда 3,5  миллион тоннали кўрсаткичга эришилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.