Қозоғистон оммавий ахборот воситалари мамлакатда ҳам, халқаро майдонда ҳам рақобатбардош. Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири ўринбосари Кемелбек Ўйшибаев бу соҳада қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланган конференцияда маълум қилишича, оммавий ахборот воситалари рақобатбардошлигини таъминлаш янги қонуннинг устуворликларидан бири. Шунингдек, янги ҳужжатда журналист мақомини белгилаш кўзда тутилган.
Кемелбек Ўйшибаев, Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири ўринбосари:
– Ҳозир журналист мақомини бугунги кундаги каби қолдириш керакми ёки уни давлат идоралари ходимига тенглаштириш керакми, деган масала муҳокама қилиняпти. Оммавий ахборот воситалари давлатга қарашли бўлган ёки қарашли бўлмаганларга бўлинади. Шунинг учун уларга давлат хизматчилари мақомини бериш тўғри бўлмайди. Чунки Қозоғистондаги оммвий ахборот воситаларининг 80 фоизи давлатга қарашли эмас. Умуман олганда, биз журналистлар мақомини кўтариш зарурлигини тушунамиз. Лекин ҳозир буни қандай шаклда ва йўналишда амалга оширишни белгилаб олмоқчимиз.
Эслатамиз, пандемия даврида журналистлар воқеаларнинг қайноқ нуқталарида бўлишди. Вазир ўринбосари таъкидлагани каби, вазирлик учун журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор йўналишлар қаторида туради. Шу муносабат билан қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Масалан, агар журналист уруш ҳаракатлари, ҳарбий тўқнашувлар ёки фавқулодда вазиятларда хизмат фаолиятини амалга оширса, унга ҳуқуқий кафолатлар берилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси